Мамлакатимизда ҳар бир соҳада янгича ёндашув ва талаблар асосида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида ривожланиш кузатилмоқда. Кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу борада янги услублар ва технология ишлаб чиқилган.
Бугун Урганч Давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида тажриба тариқасида танлов асосида ҳокимлик тизимида раҳбарлик лавозимига кадрлар захирасини шакллантиришга доир тадбир бўлиб ўтди. Хусусан, ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ҳоким ўринбосари лавозимига номзод кадрларнинг сиёсий дунёқараши, тарих ҳамда давлат ва жамият қурилишини ҳуқуқий асослари бўйича билимлари қай даражада эканлиги, тест синовлари асосида ўрганилди.
Захирадаги лавозимга қўйиладиган кадрларни талабларга мувофиқлигини ўрганиш, уларнинг ишчанлик ва шахсий сифатларини баҳолашда объектив ёндашувни шакллантириш мақсадида эса кўп йиллик раҳбарлик ва хаётий тажрибага эга, узоқ йиллар мартабали лавозимларда ишлаган фидоий инсонлардан иборат экспертлар комиссияси ташкил қилинди. Чет давлатларда ҳам индувидуал суҳбатлашишдан кўра экспертлар комиссияси объектив баҳо бериш тажрибаси самарали саналади.
- Бугун 60 нафар номзодлардан тенг ярми захирага олинди. Кейинги босқичда уларни ҳар бирини лавозимига тайёрлаш бўйича режа ишлаб чиқамиз, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ҳодими О.Носиров. - Улар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳудудий филиалига ўқишга ва вилоятда ўтказиладиган ижтимоий соҳадаги йирик тадбирларга жалб этилади. Янги кадрлар лавозимига тайинланган илк кунидан ишни бошлаши ва натижа бериши керак. Ислохотларнинг янги босқичи кадрлар билан ишлашда янгича ёндашувларни талаб этмоқда.
Мақсадимиз – кадрлар танлашда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ва керакли технологияларни жорий қилиш орқали вилоятнинг кадрлар салоҳиятини босқичма-босқич ошириб бориш.