DataLife Engine / ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг икки вилояти ишлаб чиқарувчилари ўртасида 15,5 миллион АҚШ долларидан зиёд шартномалар имзоланди.

Ўзбекистон ва Қозоғистонни азал-азалдан нафақат қўшничилик, балки ўзаро ишонч  муҳитига асосланган, изчиллик билан мустаҳкамланаётган дўстона ва шерикчилик алоқалари ҳам боғлаб турибди. Халқларимиз қадимдан ёнма-ён, ўзаро аҳилликда умргузаронлик қилиб келмоқдалар. Иккала давлат   раҳбарларининг ташаббуси асосида икки мамлакат минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистондан Қозоғистонга, Қозоғистондан Ўзбекистонга турли даражадаги делегацияларнинг ташрифлари амалга оширилди.

2018 йилнинг 25-26 сентябр кунлари Мангистау вилоятининг Актау шаҳридан шу вилоят ҳокими Ерали Тугжанов раҳбарлигидаги ишбилармон доиралар, маданият, фан ва бошқа соҳалар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат делегация Хоразмга ташриф буюрган эди. Улар вилоятнинг қатор ишлаб чиқариш жамоалари - Урганч шаҳридаги "UzXCMG", Шовот туманидаги "Uztex Shоvоt" ва "КАТQAL'A-TEKS" ҳамда вилоятимизнинг  бошқа туманларидаги корхоналарга ташриф буюрган эдилар.

Жорий йилнинг 11-12 феврал кунлари Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Қудратбек Игамберганов раҳбарлигидаги вилоят делегацияси Қозоғистоннинг Мангистау вилоятида бўлди.


Вилоятимизнинг ишбилармон доиралари вакиллари икки кун мобайнида "Морпорт Актау" ЭИЗ, "Казах Осетр" заводи, "Каспий Битум" акциядорлик жамияти, "Агарган" корхоналарида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишдилар.

Ташриф давомида Мангистау вилояти ҳокими Ерали Тугжанов Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Қудратбек Игамберганов билан учрашув ўтказди. Тадбирда бундай учрашувлар кўпгина соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Икки вилоят тадбиркорларининг тайёр маҳсулотлар билан танишишлари, мева-сабзавот, гўшт-сут ва бошқа тур маҳсулотларнинг экспорти бўйича битимларни имзолашларини таъминлаш мақсадида  тадбиркорлар палатасида минтақалараро форум доирасида кўргазма ташкил этилди. 

Тадбир давомида ҳар иккала минтақанинг саноат ва туристик имкониятлари, инвестицион салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеороликлар намойиш этилди. "Ҳазорасп" ва "Морпорт Актау" эркин иқтисодий зоналарининг инвестицион салоҳияти, экспорт ва транспорт-логистик фаолияти, тадбиркорлик ҳаракатини, туризм соҳасини ривожлантириш имкониятлари ҳақида ҳар иккала вилоят тегишли бошқарма ва ташкилотларининг раҳбарлари гапириб бердилар.

Шунингдек, Мангистау вилояти Тадбиркорлар палатаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида битим имзоланди. Тадбиркорлик ҳаракатини мувофиқлаштириш ишларини такомиллаштириш, ташқи иқтисодий фаолият, экспорт салоҳияти, инвестицияларни жалб этиш тадбирларини рағбатлантириш ҳамкорликдаги фаолиятнинг устувор йўналишлари қилиб белгиланди.


Бундан ташқари, Мангистау ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Томонлар узоқ муддатли савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга келишиб олдилар. Чунончи, саноат соҳасида ўзаро маҳсулотлар етказиб беришни ташкил қилиш, инвестицион лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун бу тармоққа минтақалар тадбиркорларини фаол жалб этиш, минтақалар корхоналарида юқори самара берадиган инновацион ишлаб чиқариш йўналишларини йўлга қўйишда ёрдам кўрсатиш масалалари назарда тутилади.

Савдо соҳасида минтақалар ҳудудларида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун ҳамкорликда ярмаркалар, кўргазмалар ва савдо иқтисодий миссиялар ташкил этилади. Минтақалар корхоналарига ўз ҳудудларида савдо ваколатхоналарини очишлари борасида ёрдам  кўрсатилади.

Шунингдек, меморандум қишлоқ хўжалиги, қурилиш, йўловчи транспорти, автомобил йўллари, соғлиқни сақлаш, маориф, маданият, спорт ва сайёҳлик соҳаларида ҳам ҳамкорлик алоқаларини назарда тутади. Тадбирда ҳар иккала вилоят ишлаб чиқарувчилари томонидан турли соҳалардаги ҳамкорликка оид 15,5 миллион АҚШ долларидан зиёд битимлар имзоланди.

Вилоятимиз делегациясининг Мангистау вилоятига ташрифи икки томонлама ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этди.

Шоназар КАРРИЕВ. 

Урганч-Мангистау-Урганч.


14-02-2019, 00:30
Вернуться назад