Ижтимоий тармоқда тарқалган Хонқа, Шовот ва Гурлан туманларида “Банкирларни, солиқ, молия ва бошқа иқтисодий комплекс ходимларини мажбурий тартибда ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтказиш ишлари олиб борилмоқда” мазмундаги хабарни ўрганиш натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қиламиз:
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолининг бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, “маҳаллабай” ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидаги ҳар бир маҳаллада “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди.
Шу муносабат билан вилоятимизнинг барча ҳудудларида ушбу лавозимларга очиқ танлов асосида номзодлар ўз ихтиёрлари билан суҳбатдан ўтказилмоқда.
Вилоят ҳокимлигига Хонқа, Шовот ва Гурлан туманларида мажбурий тартибда ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтказиш ишлари олиб борилаётганлиги тўғрисида ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаганини маълум қиламиз.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати