“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ҳудуднинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, мавжуд корхоналарни экспорт фаолиятига жалб этиш, инвестиция киритиш масаласида белгилаб олинган чора-тадбирлар ижроси юзасидан вилоятда юқори рентабелли электротехника махсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, электротехника саноати йўналишида инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, ишлаб чиқариш объектлари билан таништириш мақсадида Тупроққалъа туманида тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ҳамда саноат корхоналарига медиа -тур ташкил этилди.
Дастлаб тадбир иштирокчиларига матбуот анжумани доирасида мамлакатимизда электротехника саноатини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича яратилаётган шарт-шароитлар, ҳуқуқий кафолатлар ва вилоятда янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш имкониятлари ҳамда белгилан чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг Ҳазорасп эркин иқтисодий зонасидаги “Future Industry Systems” корхонасига медиа-тур ташкил этилиб, иштирокчилар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан таништирилди. Лойиҳа қиймати 1.5 млн. доллар бўлган мазкур корхона тўлиқ ишга туширилгандан сўнг йилига 2 млн донага яқин маиший техника воситалари учун электр двигателлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Аҳоли учун қўшимча 200 та янги иш ўринлари яратилади.
Медиа-тур давомида мутахассислар томонидан ҳар бир ишлаб чиқариш дастгохи тўғрисида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб берилди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати