Бугун XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этган вилоятимиз спортчилари ва уларнинг мураббийлари билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда паралимпиячиларнинг ота-оналари, спортчи ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Вилоят ҳокими Фарход Эрманов Паралимпиада ғолибларини эришган улкан ғалабалари билан яна бир бор муборакбод этиб, спортчиларнинг мураббийлари ва ота-оналарига самимий миннатдорчилик билдирди.
Хабарингиз бор, XVI Паралимпия ўйинларида боғотлик парадзюдочи Учқун Қуронбоев олтин, шовотлик Рўза Қўзиева пауэрлифтинг бўйича кумуш, боғотлик парадзюдочи Нафиса Шарифбоева бронза медални қўлга киритдилар. Афсуски, чемпионликка асосий даъвогарлардан бири - Севинч Салаева карантин чекловлари туфайли мусобақаларда иштирок эта олмади.Вилоят ҳокими Паралимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийларни муносиб тақдирлади. Парадзюдочи Учқун Қуронбоев ва унинг мураббийи Алфия Ибрагимоваларнинг ҳар бирига икки хонали, пауэрлифтингчи Рўза Қўзиева ва парадзюдочи Нафиса Шарифбоеваларга эса бир хонали уйлар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Севинч Салаевага ҳам маиший техника буюмлари совға қилинди.
Спортчи ва мураббийлар, ота-оналар сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва рағбат учун миннатдорлик билдирдилар, 2024 йилда Парижда бўладиган Паралимпия ўйинларида бундан ҳам юқори натижаларни қўлга киритишга ваъда бердилар.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати