Жорий йил бошида Хоразм вилоятининг Шовот туманини Қорақалпоғистоннинг Қораўзак тумани билан боғловчи, узунлиги 79 км бўлган Шовот-Гурлан- Жумуртов-Қипчоқ темир йўли ҳамда Амударё устида узунлиги 413 метр бўлган автомобиль ва темир йўл кўприги қурилиши бошланди.
Янги кўприкнинг қурилиши Россия ва Қозоғистондан юкларни ташиш масофасини 240 километрга, ташиш вақтини эса 6 соатга қисқартиради. Шундай қилиб, юк ташиш ҳажми икки баравар кўпаяди ва йилига 25 миллион тоннани ташкил этади.
Шу билан бир қаторда Гурлан туманининг мамлакатимизнинг бошқа минтақалари билан темир йўл орқали боғланиши туфайли ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига кенг йўл очилади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Гурлан туманидаги “Шоликор”, “Олға”, “Бирлашган”, “Дўсимбий” қишлоқлари ҳудудларидан ўтувчи “Шовот-Гурлан-Амударё” темир йўл линиясининг умумий узунлиги 25 километрни ташкил этади.
Айни кунларда “Дўсимбий” қишлоғининг “Тахтакўпир” маҳалласи ҳудудида темир йўл излари ётқизиладиган йўлда тупроқ кўтариш ишлари техник талаблар асосида амалга оширилаяпти. “Хизир эли” қишлоғидаги “Деҳқон” маҳалласи ҳудудида эса 50 ўринли темир йўл вокзали бунёд этилмоқда.
Гурлан туманида янги темир йўл линияси ва замонавий вокзал биносининг ишга туширилиши йўловчи ва юк ташиш ҳажмини ошириш, қўшимча иш ўринларини ташкил қилиш, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати