Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда Янгиариқ туманидаги кулолчилик марказига медиа-тур ташкил қилинди. Унда ОАВ вакиллари ва блогерлар қатнашиб, янги ташкил қилинган марказ фаолияти, Каттабоғ кулолчилик мактаби анъаналари, бу масканга сайёҳларни жалб қилиш борасидаги изланишлар билан танишдилар.
Кулолчилик маркази 0,5 гектар майдонга жойлашган бўлиб, қадимий Хоразм меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган. Марказ 9 та хона ва иккита айвондан иборат бўлиб, сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун 7 ўринли меҳмонхона, овқатланиш жойи мавжуд. Бундан ташқари ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотларини сотиш учун ҳам алоҳида жой ажратилган. Кулолчилик маркази қурилиши учун 1,5 миллиард сўм маблағ сарфланган. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Каттабоғ қишлоғи кулолларининг ижодий ишлари қатор халқаро кўргазмаларда муносиб баҳоланган.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати