DataLife Engine / РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Хоразм вилоятида фермерларнинг далаларида ғўза ниҳолларини совуқ шикастлагани ва ушбу табиий офат тўғрисида олдиндан огоҳлантириш берилмагани хусусидаги чиқиш юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:

Республика гидрометеорология маркази томонидан жорий йилнинг 16-17 апрель кунлари ҳаво ҳарорати совиб, кечалари ноль даража ва ундан пастга тушиши бўйича огоҳлантириш берилган. Бундай об-ҳаво шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини сақлаб қолиш, совуқда кутиладиган талафотни камайтириш бўйича Республика Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг етук малакали мутахассислари томонидан пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, узумчилик ва сабзовотчилик йўналишларида зудлик билан  тавсиялар ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу тавсиялар фермер хўжаликларига тарқатиш   ва хизматда фойдаланиш учун  жорий йилнинг 15 апрел куни 01-660/1-сонли хат билан барча қишлоқ хўжалиги бўлимларига етказилди.

Бундан ташқари, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги вилоят бўлими мутахассислари томонидан  телеграмм ижтимой тармоғида очилган махсус канал орқали зарур тавсиялар бериб борилди. Шунингдек,  агентлик раҳбарияти ва ходимлари 14 апрел куни Урганч туманида  боғдорчилик, узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашиб, ўз тавсияларини бердилар.

Ушбу тавсиялар асосида боғдорчилик, сабзовот-полизчилик ва узумчилик фермер хўжаликлари томонидан боғлар тагини суғориш, тунги пайтда ўсимлик қолдиқларидан тутун бериш, пахта майдонларида культивация ўтказиб, майин тупроқ ҳосил қилиш, азотли ўғитлар билан озиқлантириб совуққа бардошлилигини ошириш тадбирлари ўтказилди.

Ушбу тадбирлар натижасида совуқнинг зарарини минимал даражага камайтиришга эришилди. 18 апрел кунидан туманларга мутахассислар бириктирилиб, барча экинлар экилган майдонларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш ишлари ҳар бир дала, ҳар бир фермер хўжалиги экин майдонлари бўйича давом эттирилиб, мутахассислар тегишли чораларни кўриш юзасидан ўз тавсияларини бериб бормоқдалар. Талофот кўрган майдонлар аниқланган тақдирда, зарарни ўз вақтида бартараф этиш учун зарур бўлган ресурслар заҳираси етарли миқдорда яратилган.

Хоразм вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси

18-04-2023, 16:14
Вернуться назад