Ижтимоий тармоқларда тарқалган 90 119 DAV давлат рақамли “TRACKER” русумли енгил автомашинадан Урганч туман туғруқхонасидан чақалоқ олиб чиқиш оилавий тадбирида фойдаланилгани ҳақидаги ахборот Давлат активларини бошқариш агентлигининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Ҳудудий бошқармага тегишли мазкур автотранспорт ҳайдовчиси У.Авезов жорий йилнинг 13 декабридан 30 декабрь кунига қадар меҳнат таътилида бўлишига қарамасдан автомашинани бошқариш йўл варақаси мавжуд бўлмасада, жорий йилнинг 26 декабрь куни яқин қариндошининг неварасини туғруқхонадан олиб чиқиш учун ўзбошимчалик билан тегишли ҳужжатларсиз автомашина бошқаргани маълум бўлди.
Ҳайдовчи У.Авезов ўзбошимчалик билан тегишли ҳужжатларсиз автомашина бошқаргани сабабли белгиланган тартибда чора кўриш учун ҳудудий бошқарма томонидан 26.12.2022 йилда 2712/02-16-сонли хат билан вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига мурожаат қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 1-қисми билан баъзавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (300.000 сўм) миқдорида маъмурий жаримага тортилди.
Давлат активларини бошқариш агентлигининг
Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси