2020 йил 3 апрель куни ижтимоий тармоқларда “Бу энди нимаси?” номи остида қисқа (10 сония) видеолавҳа тарқалган бўлиб, унда 90 Т 011 ЕА давлат рақам белгили “Жентра” русумли автомашина ёнида турган эркак киши автомашина устига пул сочаётганлиги, бундан ташқари автомашинанинг олд фаралари қўшимча ёритиш чироқлари билан қайта жиҳозланганлиги акс этади.
Мазкур видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилганда қуйидагилар маълум бўлди.
90 Т 011 ЕА давлат рақам белгили автомашинани Ҳазорасп туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган, С.Азамат ишончнома орқали бошқариб келган, видеолавҳада автомашина устидан пул сочаётган шахс эса унинг 2002 йилда туғилган ўғли С.Сардордир. С.Сардор уйининг ҳовлисида турган ушбу автомашина фараларига ўзбошимчалик билан милтилловчи чироқларни ўрнатиб, ёнида бор бўлган пулларини (бир минг сўмлик купюра) автомашина устидан сочган. Ушбу жараённи унинг дўсти, шу туманда яшовчи, 2001 йилда туғилган Х.Асадбек уяли телефони орқали видеотасвирга олган ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.
Ўрганиш якунига кўра Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори томонидан фуқаро С.Сардорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 127-моддаси 1-қисми (Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш) билан маъмурий маъмурий баённома расмийлаштирилди. Автомашинани қайта жихозлаш тўлиқ бартараф этилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати