Ниқоб тақдигу, лекин юздаги баъзи ниқобларни ечиб, асл юзимизни ҳам кўрсатдик.
“Дўст оғир кунда билинади”. Бу мақолни жуда кўп айтганмиз, жуда кўп эшитганмиз. Дўстлик бу жуда кенг қамровли тушунча. Инсон инсонга, табиатга, китобга, фарзандга, касбга дўст бўлиши мумкин. Лекин улар орасида шундай дўстлик борки, бу инсоннинг аслида ким эканлигини ошкор қилади.Бу миллатга дўстлик.
Кейинги 18 кун бизни обдон синади. Кўчада ниқоб тақмаган одам қолмади. Тақмай чиққан ҳам тақишга мажбур бўлди. Минг афсуски оғзи бурнида ниқоб-у юзидан ниқобини ечиб, ким эканлигини кўрсатганларни ҳам кўрдик. Келинг уларни бирга санаймиз.
Биринчидан ваҳима тарқатувчилар (улар орасида айрим телеграмм каналлар, ижтимоий тармоқ иштирокчилари ҳам бор). Бундайларнинг мақсади гоҳида ошкор бўлади, гоҳида яширин. Мақсад пайтдан фойдаланиб ўз рейтингини ошириш. Улар одамларни қанча вахимада ушлаб турса, айтиладиган гапларни жонсарак бўлиб кутиб турадиганлар кўпаяди ва бундайлар ўзларини “хабарлар ҳукмдори” деб билишади. “Биринчиси мен бўлдим” дейди. Лекин миллатига хоинлик қилаётганини тушунмайди, тушунишни ҳам хоҳламайди.
Иккинчиси, иши бўлса - бўлмаса ликиллаб кўчада юрадиганлар. Яъни саёқ юрувчилар. Касални ўзи юқтириб, яна юзлаб одамларга юқишига сабаб бўладиган бепарво ва лоқайдлар. 18 кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жумладан ички ишлар ходимлари 17668 нафар карантин қоидаларини бузган фуқороларни аниқлашди. Энди бир тасаввур қилиб кўринг. Мутахассисларнинг фикрича 1 та одам 406 нафар инсонга вирус юқтиришини ҳисобга олсак, 17668 та одам қанча миллатдошини бу балога дучор қилар эди агар вақтида чора кўрилмаганда.
Учинчиси, “ Пайти келганда босиб қол” дегувчи очкўзлар. Улар ваҳимадан фойдаланиб энг зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини арзон вақтида тонналаб олиб, қиммат нархда қайтиб сотадиганлар. Баъзи мамлакатларнинг қонунчилигини ўрганиб чиқдим. Ҳозир эмас мавриди келганда айтаман, бундайлар миллат душмани сифатида қаттиқ жазоланар экан. Вақти келиб балки бизнинг қонунчилигимизда ҳам бундай жазо киритилар.
Тўртинчиси, худбинлар, фақат ўзини ўйлайдиган манфаатпарастлар. Ҳа, айнан улар 16, 17, 29 март кунлари ўзларини ошкор қилишди. Асоссиз ваҳимага, вас-васага берилиб ўзини бозорга, дўконга уриб, бир ойлик егуликни ғамлаб, эшик ва деразаларни ёпиб ўз уйларида биқиниб ўтирибдилар.Улар бугун ўзларига битта саволни беришлари керак. Хўш, нима бўлди? 18 кун ичида бозорда егулик тугаб қолдими? Ёки қуёш мағрибдан чиқиб, қиёмат бўлдими? Уларга бир гапни айтаман, сизнинг бобонгиз 77 йил аввал сиз учун, сизнинг бугунги ҳаётингиз учун окопдан чиқиб душман билан юзма-юз бўлиб жон берган эди! Сиз унинг жони эвазига сизга берилган ҳаётни яшаяпсиз! Сиз бундай қилиб жон беролмайсиз лекин синовли кунларда оддийгина сабр қила олмадингиз! Айнан сизнинг очкўзлигингиз боис бугун мамлакатнинг олис ҳудудларида тақчиллик бўлаяпти! Уларнинг ҳам сизнинг болаларингиз каби болалари бор!
Бешинчиси зиқналар. Улар турли тоифада кўринмоқда. Масалан пули жуда кўп, қийналган одамни кўриб турибди, лекин унга ёрдам бермайди. Иккинчи тоифадагилар бировга пул бермайди, бировга ош овқат бермайди, лекин ширин сўзини ҳам қизғанади, бировга далда ҳам бўла олмайди.
Олтинчиси номардлар. Ходимини керак вақтида ишлатиб, бугунги вазиятда уни ёлғиз қолдираётганлар. Уларнинг баъзилари ходимнинг маошини бергиси келмаяпти, баъзилари “ишга келсанг пул оласан” деяпти, хуллас турли қитмирликлар ҳам бўлаяпти. Уларга айтадиган гапимиз битта. Номардлик қилманг! Сиз мана шу ходимлар билан борсиз!Анча ҳиссиётга берилибсиз деб ранжишингиз мумкин. Лекин кўзим билан кўриб турган, бизга мурожаатлар бўлаётган воқеаларни сизга айтдим. Аслида сиз ҳам буларни кўриб турибсиз. Миллатимизни сахий, мард, қаҳромон одамлари ҳам албатта кўп. Шифокорлар, сахий бойлар, оташнафас зиёлилар, мард тадбиркорлар, фермерлар, деҳқонлар........ Уларни санасак адоғи йўқ. Ҳа, айнан улар миллатнинг ҳақиқий дўстлари. Қанчалик оғир бўлса ҳам айтаман, оғиз бурунга ниқоб тақиб, юзимиздаги ниқобларимизни ечиб асл юзимизни, мақсад ва муддаоларимизни, хуллас кимлигимизни ошкор қилдик. Бу кунлар ўтади. Бунга шубҳа йўқ. Аммо, жамият миллий жипслик ҳақида жиддий ўйлаб кўриши замонамизнинг энг муҳим талаби бўлиб юзага чиқди. Зотан, тарихда милатлар фақат миллий жипслик орқали ўзини сақлаб қола олган. Уйда қолинг! Бугун энг ката қаҳрамонлик шу.!!