Қозоғистонлик тадбиркор йилига минг тонна гўшт етказиб бермоқчи
Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилмоқда. Форумни вилоят ҳокими Ф.Эрманов очиб берди. Ўзбек ва қозоқ халқлари тарихи, тили, маданияти ва қадриятлари ўхшаш бўлиб, халқларимиз азалдан бир-бирига елкадош бўлиб яшаб келган. Бу яқинлик бугунги кунда давлатлараро ҳамкорликка мустаҳкам асос бўлмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик 1998 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2013 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида тараққий этмоқда. Ўзбекистон-Қозоғистон иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида учта шўъба йиғилиши, хусусан, “Ишлаб чиқаришда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали чегарадош ҳудудларда инвестицион ҳамкорлик истиқболлари”, “Агросаноат секторини ҳамкорликда ривожлантириш” ҳамда “Инсон капиталини ривожлантириш: етакчилик асослари” мавзуларидаги сессиялари бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари масъул ходимлари, ҳудудлар, ташкилотлар ва компаниялар раҳбарлари сўзга чиқиб турли мавзуларда маърузалар қилди. –Ушбу форум ўзининг икки томон вакиллари учун ҳам бирдай фойдали эканлиги билан аҳамятлидир, – дейди Қозоғистон республикаси савдо ва интеграция вазири ўринбосари Кайрат Торебаев. – Ўзбек – Қозоқ тадбиркорлари азалдан ҳамкорлик қилиб келишган ва бундан давлатларимиз ҳам манфаатдор. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар динамикаси фаоллашиши натижасида 2018 йил ноябрь ойида Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Ўзбекистон – Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида кўплаб савдо-инвестициявий шартномалар ва ҳудудлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича келишувлар имзоланган эди. Кейинги икки йилда ўзбекистонлик шериклар билан савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик, ҳудудлар даражасидаги ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва бошқа масалалар бўйича аниқ ижобий натижаларга эришдик. Сўнги йилларда мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик алоқаларни ривожлантириш мақсадида ҳудудлар раҳбарлари бошчилигидаги ишбилармон доиралар вакилларининг ўзаро ташриф алмашиниш амалиёти йўлга қўйилди ҳамда ушбу ташрифлари доирасида бизнес форумлар ва ҳудудларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмалари ўтказилиб келинмоқда. Халқаро форум доирасида чегарадош ҳудудларнинг ишбилармонлик доира вакиллари иштирокида контактлар биржаси, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шартномалар имзолаш маросимлари ҳам ўтказилди. Унда кўплаб савдо-инвестициявий шартномалар ва ҳудудлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича келишувлар имзоланишига эришилди. –Биз 2011 йилдан буён курка гўшти етиштириш ва уни қайта ишлаш билан шуғулланамиз, – қозоғистонлик тадбиркор Мурат Тоғаев. – Корхонамиз ҳар йили ўн минг тонна курка гўшти етиштирилади ҳамда унинг ярмидан кўпи қайта ишланади. Айни вақтда 85 турдаги курка гўшти маҳсулотларини етиштиришдан ташқари курка терисини ҳам қайта ишлаб тайёр маҳсулот сифатида савдога чиқармоқдамиз. Биз ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишни бошлаганимизга бир йилдан ошди. Корхонамиз Россия, Беларусь каби давлатлар билан ҳам ҳамкорлик қилади. Бироқ энг яқин қўшнилар билан савдо қилиш бу жуда қулайдир. Бугун яна бир қатор фирмалар билан йилига 1000 тонна курка гўшти етказиб бериш бўйича шартнома имзоладик. Ушбу форум биз учун жуда манфаатли ва омадли бўлди, деб бемалол айта оламан. Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми орқали янги имкониятлар эшиклари кенг очилмоқда. Мазкур тадбир нафақат янги ҳамкорларни топиш ва алоқа ўрнатиш, янги бозорларни эгаллаш ҳамда инвестиция киритиш ёки жалб қилиш учун ажойиб имконият яратади, балки, халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстона ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
25-02-2020, 15:30
Вернуться назад