DataLife Engine / Вилоят ҳокими Исроил Мадримов билан учрашди.

Вилоят ҳокими Исроил Мадримов билан учрашди.


2019 йилда мамлакатимизнинг барча соҳалар сингари спорт соҳаси хам ҳар томонлама ривожланди. Ушбу йилда кўплаган спортчиларимиз жаҳон спорт майдонларида маҳорат билан ўз иқтидорини намоён қилиб, юксак натижаларга эришиб, ғолиблик шохсупаларидан ўрин олишди. Спортчиларимизнинг эришаётган зафарлари қалбларга янада қувонч бағишлайди. 
Таниқли боксчи Исроил Мадримов шу йилнинг ўзида жаҳоннинг энг кучли бокс усталари билан кучли жанглар олиб бориб, бир неча маротаба рақиблари устидан ғалаба қозонди. Йил давомида тинимсиз қилган машқлари, интилишлари натижасида юксак натижаларга эришди. 
Янги йил байрами арафасида Исроил Мадримов ўзи тўғилиб вояга етган Хоразм вилоятига ташриф буюриб бир қанча тадбирларда иштирок этди. Айниқса, Хоразм вилояти мусиқали драма театрида ўтказилган “Президент арчаси” байрам тадбирида таниқли боксчининг иштирокидан ўғил-қизлар янада хурсанд бўлди. 
Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов Ўзбекистон бокс федерацияси Хоразм вилоят бўлими раиси Сирожиддин Отамуратов ва таниқли боксчи Исроил Мадримов билан учрашув ўтказиб спортчининг эришаётган ютуқлари элдошларимизга фахр-ифтихор бағишлаётганлигини алоҳида таъкидлади. 
Шунингдек, вилоят ҳокими спортчи учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиб беришга, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканини қайд этди.
И.Мадримов мамлакатимизда ёш спортчиларнинг иқтидори, салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кўрсатилаётган беқиёс эътибор, ғамхўрлик учун чуқур миннатдорчилик билдириб, ўзининг 2020 йилдаги режаларини айтиб ўтди.

1-01-2020, 17:30
Вернуться назад