DataLife Engine / КУРСАНТЛАР УЧУН ЯНГИ ОШХОНА ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

КУРСАНТЛАР УЧУН ЯНГИ ОШХОНА ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ



Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказида 100 нафар курсантга мўлжалланган ва қайта таъмирдан чиққан замонавий ошхона биносининг тантанали фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.
Қувончли воқеа муносабати билан ташкил этилган тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев, ҳарбий хизматчилар, марказ ўқитувчилари ва курсантлари ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ф.Эрманов ўз нутқида – “Ҳали биз, ҳарбий-маъмурий сектор сифатида жуда кўп ишларни амалга оширишимиз керак. Бу борада жанговар-тактик машғулотларни ўтадиган жойларимиз, туманларимизда мудофаа ишлари бўлимлари ва бошқа объектларда кўп ишлар амалга оширилди, лекин қилиниши керак бўлган ишлар бор ва уларни давом эттирамиз” – дея таъкидлади.
Шундан сўнг округ қўшинлари қўмондони Д.Чориев марказда янгидан барпо этилган шинам, кўркам ошхона биноси ҳам янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига ҳамоҳанг бўлганини таъкидлади. Ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси бўйича фақат биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаб келганини алоҳида эътироф этди ҳамда ошхона қурилишида меҳнат қилган фидойи қурувчиларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади.
Марказ ошхонаси 100 ўриндиққа мўлжалланган бўлиб, у ерда ҳам давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қуролли Кучларга киритилган озиқ-овқат билан таъминлаш тизими – “аутсорсинг” жорий этилган. Ошхона “Ирдимзон қурилиш” хусусий корхонаси томонидан қурилиб, миллий дизайн ҳамда замонавий ускуна ва анжомлар билан жиҳозланган. Муддатли ҳарбий хизматчилар учун белгиланган таомнома меъёри бўйича “Аброрбек Умирбек” кўптармоқли фермер хўжалиги томонидан уч маҳал иссиқ овқат тайёрланиши йўлга қўйилган. Озиқ-овқатларни сақлаш ва уларга ишлов бериш, таом тайёрлаш, идиш товоқларни ювиш ва сақлаш жойларига эга ошхонада марказ раҳбарияти томонидан барча санитар-гигиеник талабларга қатъий риоя этилиши устидан назорат тизими ўрнатилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан шу йилнинг март ойидан Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш маркази фаолиятини бошлади. 
“Шу йил биринчи босқичда апрель-август ойларида “В” ва “С” тоифадаги ҳайдовчи, радиотелефонист ва телефонист мутахассислари тайёрланди. Октябрь ойидан бошлаб ушбу учта йўналишга яна дизельчи-электрик мутахассислиги ҳам қўшилди ва айни вақтда таълим жараёни давом этмоқда. Таъкидлаш жоизки, марказимизда таҳсил олиш, бу ерда яшаш ва овқатланиш учун маблағлар тўлалигича давлат ҳисобидан қопланади”, – дейди марказ бошлиғи подполковник Абдурашид Мирбозоров.
Дарвоқе, марказда бўлажак аскарларнинг илм-фан ўрганиши, жисмонан ва маънан тобланиши, танлаган мутахассисликни эгаллаши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Тадбир сўнгида ҳарбий округ қўшинлари қўмондони курсантларнинг ота-оналари билан мулоқот қилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

17-12-2019, 16:10
Вернуться назад