Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрда қабул қилинган “2020 йил учун Ўзбекстон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ЎРҚ-589-сонли Қонунига мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб Халқ депутатлари Кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан маҳаллий солиқлар ва йиғимлар бўйича ставкаларни белгилаш, маҳаллий бюджети харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.
Мазкур қонуннинг 18-моддасига асосан 2020 йил учун вилояти маҳаллий бюджетини қабул қилиш бўйича Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
2.Қонунга асосан 2020 йилда:
а) Қуйидаги солиқ турлари шаҳар ва туманлар бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:
- жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
- жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
- жисмоний шахсларнинг мулкларни ижарага беришидан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
- цемент ва оҳактошдан ташқари, алоҳида норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;
- электр станцияларидан бошқа тўловчилар томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
- ягона солиқ тўлови.
б) Қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар Вилоят бюджети ҳамда шаҳар ва туманлар бюджетлари ўртасида тақсимланади:
- юридик шахслардан олинадиган мулк солиғи;
- юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
- бензин, дизель ёқилғиси ва газнинг чакана сотуви учун акциз солиғи;
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи.
в) Вилоятнинг вилоят бюджетига қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиғича ўтказилади:
- юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;
- қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат божлари (патент божи ва лицензия берганлик учун давлат божларидан ташқари);
- қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган жарималар;
- автотранспорт воситаларини харид қилганлик учун уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказиш чоғида автотранспорт эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган йиғим;
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулк, маҳаллий ҳокимликлар активлари бўйича давлат унитар корхоналари соф фойдасидан ажратмалар ва дивидендлар.
Қонунга асосан Вилоят маҳаллий бюджетларининг харажатлар тизимида қуйидаги ўзгартиришлар киритилди ҳамда молиялаштириш тартиби қуйидагича белгиланди:
а) туман ва шаҳарлардан молиялаштирилувчи умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатлари республика бюджетидан, тўртинчи гуруҳ харажатлари тегишинча туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштирилади;
б) Вилоятнинг вилоят бюджетидан:
- Вилоят ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари;
- давлат органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқаролар ёки юридик шахсларга етказилган зарарлар молиялаштирилади;
в) туманлар ва шаҳарлар бюджетидан:
- фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари орқали тайинланадиган ижтимоий нафақалар;
- давлат санитария-эпидемиология назорати туман ва шаҳар марказларини сақлаш харажатлари молиялаштирилади.
3.2020 йилги вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулот бўйича прогноз кўрсаткичлари 1-иловага ҳамда 2020 йил учун вилоятнинг вилоят бюджети даромадлар прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
- Вилоятнинг вилоят бюджетидан 2020 йилги ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
- Туманлар ва шаҳарлар бюджетларига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда, ажратма меьёрлари бўйича вилоят маҳаллий бюджети билан туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг тақсимотини ўрнатилган тартибда вилоят Ғазначилик бошқармаси ва унинг бўлинмалари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
- 2020 йил учун туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадлар ва харажатлар прогноз кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
- Вилоят, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман ва шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадлари прогнози ижроси ҳамда харажатлар ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги Қонунда белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
- 2020 йил учун вилоятнинг вилоят бюджети заҳира жамғармаси ҳажмлари 11,5 млрд. сўм миқдорида белгилансин.
Вилоят ҳокимлиги ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари заҳира жамғармалари маблағларини вилоятнинг Вилоят бюджетида ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетларида кўзда тутилмаган, кечиктириб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.
- 2020 йил учун Вилоятнинг вилоят бюджетининг йўл қўйиладиган энг кам маблағлар 6,6 млрд. сўм миқдорда ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетларида йўл қўйиладиган энг кам маблағлар миқдори 7-иловага мувофиқ белгилансин.
- Вилоятнинг вилоят бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетларида шаклланган қўшимча манбалар тегишинча вилоят ҳамда туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан вилоят, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари таклифларига асосан, тегишли Кенгашлар қарорларига асосан ишлатилиши белгилансин.
- Туман ва шаҳар ҳокимликлари, чораклар якуни бўйича мазкур қарорнинг 5-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари ҳокимликларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, Вилоят ҳокимиятига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан таклифлари билан бирга киритилган мурожаатига асосан тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш ёки харажатларни мақбуллаштириш таклифларини киритади.
Вилоят ҳокимлиги, Қонуннинг 6-иловасида кўрсатилган прогноз кўрсаткичлари маҳаллий ҳокимиятларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, харажатларни мақбуллаштириш юзасидан таклифлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан Вилоят Кенгаши мурожаатини тайёрласин.
- Вилоят, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ташаббуси билан амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар тегишлилиги бўйича ушбу маҳаллий бюджетларнинг ижроси давомида шаклланган қўшимча манба ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.
- Республика вазирлик ва идоралари, шу жумладан вилоят бошыарма ва ташкилотлари Ишчи гуруҳи томонидан шаҳар ва туманларда ўтказиладиган ўрганишлар натижасида аниқланаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича тузилаётган йўл харита ва баёнлари билан тегишли маҳаллий бюджетларнинг харажатларига ўзгартириш киритилишига йўл қўйилмайди.
- Вилоят, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари:
тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирсин;
ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасига қадар расмий веб-сайтларга ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида маблағлар тақсимотини, молиявий ҳисоботларни, капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижросини, ўтказилган танлов (тендер) савдолари ва давлат харидлари ҳамда бошқа тегишли маълумотларни жойлаштирсин;
маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадларини 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорларда жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиришни, веб-сайтларига уларнинг натижаларини жойлаштирсин.
- Вилоят ҳокимлиги Қонуннинг 24-моддасига асосан тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини тегишли Вилоят Кенгашига беришини таъминласин.
- Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назоратни ўрнатиши учун тегишли ҳокимликларга маълумот киритсин.
- Вилоят ҳокимлиги Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
- Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси ва вилоят ҳокимлиги зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Ф.Эрманов