АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА
Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмасининг асосий биноси қайта таъмирланиб фойдаланишга топширилди. 4 млрд 800 млн сўм маблағ ҳисобига ТТБнинг асосий қисмида шошилинч тез ёрдам, жарроҳлик, жонлантириш, диагностика ва қабул бўлимлари ҳамда жарроҳлик амалиёти хоналари замон талабларига мос равишда қайта реконструкция қилиниб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Бу эса аҳолига тез, сифатли хизмат кўрсатишга замин ҳозирлайди ва албатта туман аҳли учун катта совға ҳамда унутилмас туҳфа бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бинонинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Санъатбек Салаев, туман ҳокими Жўрабек Раҳимов, туман аҳолиси ва фаоллари ҳамда фахрийлар иштирок этди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Санъат Салаев сўзга чиқиб, бугунги кунда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли учун яратилаётган шароитлар касалликларнинг олдини олишга, аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг Қўшкўпир туман ҳокими Жўрабек Раҳимов туман аҳлига малакали тиббий хизмат кўрсатиб эл эътирофига сазовор бўлган бир гуруҳ шифокорларга туман ҳокимлиги номидан мукофотларни топширди. Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмасига эса аҳоли саломатлиги йўлида тез тиббий ёрдам учун "Дамас" русумли машина туҳфа этилди.