Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда Ҳазорасп туманидаги бозорда дўконлар қуриб битказилган бўлсада, аммо дўконларни ишга туширишга рухсат берилмаётганлиги, бу борада ҳокимиятга учрашишгани лекин масала ҳал бўлмаётганлиги тўғрисидаги турли фикрлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ҳазорасп тумани «Ҳазорасп универсал савдо комплекси» МЧЖ бошқарув раиси Мадиёр Қўчқоров изоҳ берди.
“Ҳазорасп улгуржи савдо комплекс” дирекцияси томонидан Ҳазорасп туманида қурилиши режалаштирилган савдо мажмуасининг 1-қаватида жойлашган 822 та дўконлар ва 2-қаватда жойлашган 180 та савдо дўконлари учун тадбиркорлар билан шартномалар тузилган.
2014 йилда ушбу мажмуанинг қурилиш ишлари бошланган даврдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, расман рўйхатдан ўтиб фаолият юритаётганлар сони 1200 тага яқин бўлса, ҳозирда уларнинг сони 2200 дан ошиб кетган.
Шу сабабли ушбу қурилиши тугалланган савдо дўконлари фаолият юритаётган барча тадбиркорларга етишмаслиги оқибатида улар ўртасида низо келиб чиқиши мумкинлиги инобатга олинган ҳолда мажмуанинг фойдаланишга топширилиши кечиктирилган.
Ҳазорасп туман ҳокимининг 17.10.2019 йилда 10285к-сонли “Ҳазорасп универсал савдо комплекси” дирекцияси ҳудудида фаолият кўрсатаётган ва “Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси” дирекцияси ҳудудида янги қурилган савдо комплексида савдо шахобчасига эга бўлмаган тадбиркорлик субъектларини вақтинчалик савдо расталарига кўчирилишига рухсат бериш тўғрисида қарори қабул қилинган.
Шунингдек, “Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси” дирекцияси ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга 1560 та қўшимча кўчма савдо расталари билан таъминлаш ва барча тадбиркорларнга дўконлар жойлашган мажмуага кўчириш ишлари тез орада амалга ошириш белгиланган.
2014 йилда май ойида “Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси” дирекцияси томонидан савдо дўконларини қуриш ишлари бошланган. 2017 йил май ойида эса ушбу савдо дўконлари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бироқ қурилишга тадбиркорлар томонидан савдо дўкони учун тўланиши лозим бўлган шартнома пулларни тўлиқ тўламаганликлари сабабли, қурилишни давом қилдиришга маблағ етмаганлиги сабабли қурилиш белгиланган муддатда якунланмаган.
Шунингдек, дирекциянинг 110 та 2 қаватли биносининг 2-қаватидаги дўконларга ҳаридор топилмаганлиги сабабли тўлиқ сотилмасдан қолган.
“Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси” дирекцияси томонидан қурилган жами 1002 та савдо дўконларига тадбиркорларни кўчириб ўтказишда дўкон етишмовчилиги келиб чиққанлиги сабаб, савдо комплекси ҳудудини кенгайтириш ва янгидан савдо дўконлари қуриш лозим бўлган.
Шу сабабли бир қанча тадбиркорларни талабига кўра 2018 йилда янги “Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси” дирекцияси ташкил қилиниб, савдо комплекси ҳудудидан янги савдо дўконлари қурилиши ишлари давом қилдирилди.
“Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси” дирекцияси томонидан 184 та янгидан дўконлар қурилиши ишлари давом қилдирилиб, қурилиш муддати 2019 йил сентябрь ойида якунланиши белгиланган эди.
Шунингдек, 2019 йил март ойида Ҳазорасп туман ҳокимлиги томонидан савдо комплексига туташ ҳудудда тадбиркорларга қўшимча савдо ўрни яратиш мақсадида расталар қуриш бўйича “Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси” дирекциясига кўрсатма берилган.
Бугунги кунгача мазкур расталарни қуриш учун “Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси” дирекцияси маблағи етарли эмаслиги сабабли расталар қурилмасдан қолган. Бу борада ишлар олиб борилмоқда ва тез кунларда янги “Ҳазорасп улгуржи савдо комплекси” ишга туширилади.
Ҳазорасп тумани ҳокимлиги ахборот хизмати