АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Хоразм вилоятига ташрифи доирасида вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Марказ томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси режалар хусусида марказ масъул ходимлари билан суҳбатлашди.
Мулоқотда Д.Розенблюм АҚШ элчихонаси томонидан Ўзбекистонда хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтириш бўйича ажратиладиган грант маблағлари, айниқса, имконияти чекланган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларда қатнашиш хусусида ўз тавсияларини берди.
Элчи, шунингдек, марказнинг миллий ҳунармандчилик ўқув курси асосида ташкил этилган “Урганч миллий тикувчилик” оилавий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.