DataLife Engine / Хоразмда 500 млн. АҚШ долларлик тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Хоразмда 500 млн. АҚШ долларлик тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.




Хоразм вилоятида хорижий инвесторлар томонидан қиймати 500,0 млн. АҚШ долларига тенг бўлган карбамид ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.

Вилоятимизга Буюк Британиянинг “ARAUK Capital Limited” компанияси директори Riaz Ali ва “ARAUK Capital Limited” компанияси халқаро алоқалар бўйича директори Adil Tufail ташриф буюриб, экспертлар иштирокида мазкур лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича вилоят ҳокими Ф.Эрманов билан музокаралар ўтказишди.

Жорий йилнинг 5-6 апрел кунлари Хоразм вилоятида ўтказилган “Invest in Khorezm” халқаро инвестицион форуми доирасида вилоятда карбамид ишлаб чиқариш бўйича инвестицион лойиҳани амалга ошириш тўғрисида келишув имзоланган эди.

Хоразм вилоятида чет эллик инвесторлар томонидан ташкил қилинган “Nurana star capital investment” хорижий корхонасида умумий қиймати 500,0 млн. АҚШ долларига тенг бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштириш ҳисобига кунига 2500,0 тн карбамид ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда “Nurana star capital investment” хорижий корхонаси билан Хоразм вилояти ҳокимлиги ўртасида келишув меморандуми имзоланган.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан 40 га ер майдони танланган. 

Лойиҳани амалга ошириш натижасида вилоятда карбамид ишлаб чиқариш қувватлари яратилиши ҳамда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг камида 50 фоизи хорижий давлатларга экспорт қилиниши, шунингдек 650 та янги иш ўринлари ташкил қилиниши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, компания вакиллари Хазорасп туманидаги лойиҳа амалга ошириладиган ҳудудга чиққан ҳолда ўрганиш ўтказдилар ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни бошладилар.


Хоразм вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

11-10-2019, 08:45
Вернуться назад