Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов, қуйи палата депутатлари, сенаторлар иштирокида бўлиб ўтган халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг сессиясида Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 2 август куни хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга бағишланган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.Сессияда вилоят ҳокимининг ушбу соҳаларга масъул бўлган ўринбосари-нинг ҳисоботлари эшитилди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли равишда амалий ишлар олиб борилмоқда. Сессияда депутатлар вилоятда бу борада амалга оширилаётган ишлар таҳлилига эътибор қаратдилар. Ўтган даврда 3 125 та кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, улар сони 15 182 тага етди. Улар томонидан 1 трлн. 262.9 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, 1 трлн. 228.4 млрд. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Натижада, кичик бизнес субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 70,4 фоизни ташкил этди. Кичик бизнес субъектларининг фаолятини қайтадан тиклаш, уларнинг негизида янги корхоналарни ташкил этиш юзасидан аниқ ишлар амалга оширилаётгани натижасида август ойида вилоят бўйича 58 та кичик бизнес субъектлари фаолияти тикланди. Ҳар бир тадбиркорлик субъектларининг фаолият кўрсатмаслик сабабларини таҳлил қилиш, таҳлиллар асосида фаолиятини тиклаш имкони бўлган тадбиркорлик субъектлари билан манзилли ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Бугунги кунда тижорат банклари ўз мижозлари билан учрашиб, уларга кўмаклашиш, ҳолати ўрта ва қониқарсиз бўлган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқиб, амалга ошириш чораларини кўрмоқдалар. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда тадбиркорлик субъектларининг умумий сони 35 минг 901 тага етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ошган бўлса-да, бироқ ҳозирги кунда 8 210 та, яъни 22,8 фоиз тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўхтаб қолганлиги ташвишланарли ҳолат эканлиги депутатлар томонидан алоҳида таъкидланди. “Yoshlar – kelajagimiz“ Давлат дастурини ҳудудлардаги ижроси, айниқса, ёшларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш борасидаги ишлар самарадорлиги вилоятнинг айрим ҳудудларида пастлигича қолмоқда. Хусусан, ресурс маблағлари ўз вақтида ажратилмаганлиги сабабли жорий йилда ушбу дастурда амалга оширилиши назарда тутилган вазифаларнинг 1 август кунига қадар бор-йўғи 24 фоизи бажарилган, яъни бўлажак тадбиркорлар учун йил давомида ажратилиши лозим бўлган 103,0 млрд. сўмдан, атиги 24,7 млрд. сўми берилган, холос. Сессия жараёнида аксарият муаммоларнинг асл сабаби туман, шаҳар даражасидаги масъул тузилмаларнинг вилоят бошқармалари билан, вилоят бошқармаларининг эса, тегишли вазирлик ва идоралар билан ўзаро муносабатлари талаб даражасида йўлга қўйилмагани билан боғлиқлиги, вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг аҳволини мунтазам равишда таҳлил этиш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари томонидан кўриб чиқилиши тизимли йўлга қўйилмаганлигида эканлиги айтиб ўтилди. Шундан келиб чиқиб, сессия ишида вилоятда кичик бизнес ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида аниқланган ҳар бир муаммо, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар чуқур таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш борасида кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб олинди. Сессияда кичик бизнес субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредит маблағларидан самарали фойдаланиш, тижорат банклари томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларни мониторинг қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларнинг бозорини топишгача бўлган жараёнда юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда тижорат банклари раҳбарларининг масъулиятини ошириш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Кўриб чиқилган масала юзасидан халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.