Инсон саломатлиги барча нарсадан устун. Бу борада мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Соғлом табиий муҳитни асраш ва таъминлаш учун барчамиз бирдек масъулмиз.
kun.uz сайтида “Шамол уйимизга эсса, нафас ололмаяпмиз”-янгибозорликлар ғишт заводларининг зарарли таъсиридан аъзият чекмоқда сарлавҳа остида чоп қилинган мақоласи юзасидан муаммони жойида ўрганиш учун вилоят ДСЭНМ, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Электр тармоқлари бошқармасидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, Янгибозор туманидаги мавжуд вазият билан танишди. Ўрганиш давомида туман ҳокими Ў.Машарипов ва вилоят ҳокимининг матбуот котиби иштирок қилди. Ҳақиқатдан ҳам мақолада кўрсатилган муаммолар “Янгиёп” маҳалласида истиқомат қилувчи аҳолини ташвишга солаётгани, ғишт ишлаб чиқариш цехлари фаолияти экологияга салбий таъсир кўрсатаётгани маълум бўлди. Буларнинг олдини олиш ва Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ва қонуности ҳужжатлари талабларини бажарилишини таъминлаш мақсадида, “Бўзқалъа муҳандиси” хусусий фирмаси, “Мирза Ҳалилло ўғли” , “Амин Бўрон Мирзо” хусусий корхоналари билан суҳбатлашиб, “Чиқиндиларни жойлаштириш атмосфера ҳавосига чиқарадиган чегаравий миқдори”, /ПДВ/ ва “Чиқиндиларни жойлаштириш лимити” (ПДО) меъёрий лойиҳалари ишлаб чиқиш ва давлат экологик экспертизасини ижобий хулосасини олиш, корхонада атмосфера ҳавосига зарарли моддалар чиқарувчи манбаларга тозалаш ускунасини ўрнатиш, мўрининг пастки қисмини таъмирлаш ва герметиклигини мустаҳкамлаш, корхона ҳудудида чиқиндиларни вақтинча сақлаш учун етарлича махсус идишлар ўрнатиш, алоҳида сақлаш учун махсус жой ташкил қилиш, “Тоза ҳудуд” ДУК Янгибозор тумани филиали билан чиқиндиларни олиб кетиш, ташиш борасида шартнома тузиш бўйича 5 сентябргача муддат берилди. Аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган мазкур муаммоларни бартараф этиш учун зарур чоралар кўрилмоқда.
Хоразм вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати