Урганч шаҳридаги “Ашхобод” маҳалласида истиқомат қилаётган аҳолига Урганч тумани “Чондирқиёт” қишлоғи ҳудудидан ер майдонлари ажратилиб, янги лойиҳалар асосида замонавий типдаги уйларнинг қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Ҳудудда аҳоли учун арзонлаштирилган сифатли шағал, пишган ва хом ғишт каби қурилиш моллари бозори ташкил этилиб фуқароларнинг транспорт харажатлари тежалмоқда. Ҳокимлик томонидан аҳоли бепул қум, қолаверса, қурилиш ишлари учун техника воситалари билан таъминланмоқда. Ушбу ҳудуд учун алоҳида сув, электр ва газ таъминоти тармоғи ўтказиш ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Яна бир жиҳат, аҳолига қулайлик яратиш учун Урганч шаҳри маркази билан боғловчи жамоат транспорт қатнови йўлга қўйилди. Ҳудуддаги арзонлаштирилган, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари бозори ҳар куни ҳаридорлар билан гавжум.
Вилоят ҳокимлиги томонидан ҳудуд 4 қисмга бўлиниб, уларнинг ҳар бирида штаблар ташкил этилган. Бугунга келиб, ҳокимлик вакиллари, қурилиш ташкилотлари раҳбарлари аҳоли мурожаатларини ўрганиб, қурилиш ишларини мувофиқлаштириш, назоратга олиш ишлари билан шуғулланмоқда.
Шунингдек, ҳудудда аҳоли тинчлигини сақлаш мақсадида жамоатчилик назорат маскани ташкил этилган. Аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар бўлса, ҳудудда тиббий хизмат пункти 24 соат давомида фуқароларга хизмат кўрсатмоқда.
Давлат хусусий шерикчилиги асосида янги массивда маҳалла гузари, ҳаммом, маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси савдо расталаридан иборат “Экобозор”, умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим муассасаси бинолари, сунъий қопламали спорт майдончаси қурилиши режалаштирилган. 2 қаватли маҳалла гузари биносида кутубхона, bookcafeлар мавжуд бўлиши бугунги кунда Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси ва унинг ёшлар ҳаётига тадбиқ этиш имконини беради.
Бир сўз билан айтганда, аҳоли эски, тор, одам юрса устига гувала тушиб кетадиган хонадонлар ўрнига эндиликда замонавий типдаги барча қулайликларга эга бўлган уйларда яшайди.
Маҳалла фаоллари яратилган шароитлардан хурсанд экани, қишнинг қаҳратонидан олдин ўз уй-жойларини битказиш ҳаракатида эканликлари ва бу борада ҳокимлик томонидан барча керакли ёрдамлар кўрсатилаётганидан мамнун.
Ҳа, бугун аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш борасида қилинаётган ишларга нисбатан улардаги шукроналик ҳиссини фуқароларимизнинг гап-сўзидан, уларнинг юз-кўзидан англаш қийин эмас.
Хоразм вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати