DataLife Engine / «Ер ва компенсация пули берилмагунча ҳеч кимнинг уйи бузилмайди»

«Ер ва компенсация пули берилмагунча ҳеч кимнинг уйи бузилмайди»

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий масалалар, аҳоли билан тадбиркорларни ташвишга солаётган ва ечимини кутаётган долзарб муаммолар бўйича Kun.uz таҳририятига эксклюзив интервью берди.
Вилоят раҳбари суҳбат давомида Урганч шаҳри ва туман марказларидаги ободончилик ва қурилиш ишлари қандай кетаётгани, шунингдек, уй-жойи бузилаётган аҳолига берилиши шарт бўлган ер ва компенсация масалалари ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.
«Ҳозирда Хоразм вилоятининг шаҳар ва қишлоқларида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида ободонлаштириш, қурилиш ишлари жадаллаштирилди. Биз бу дастурларни энг чекка қишлоқларда ҳам бажарамиз. Албатта бу ишлар ҳокимлик томонидан қаттиқ назорат остига олинган.
Аҳолини ўзи яшаётган ҳудуддан кўчирмоқчи бўлсак, албатта унинг ўрнига ўзимизни қўйиб кўришимиз керак. Унга таклиф қилинаётган уйда аввало ўзимиз ўтириб, яшаб кўришимиз керак. Агар бизга маъқул бўлса, шундагина уйни бошқаларга таклиф қилишимиз мумкин.
Урганч шаҳридан кўчирилаётган аҳоли учун бир неча жойлардан ер таклиф қилганмиз. Аммо шаҳар ҳудуди ёки унинг атрофидан ер ажратолмаймиз. Акс ҳолда 20-50 йилдан кейин шаҳар ҳудуди яна кенгаяди, натижада бу уй-жойларни ҳам бузишга, одамларни яна кўчиришга тўғри келади. Шу туфайли, уй-жойлар 100 йил туриши учун шаҳардан узоқроқ жойларни таклиф қилганмиз. Урганч туманидан 2та ҳудудни ажратиб кўрсатдик, аммо одамлар рози бўлмади, ҳудудни узоқ деб ҳисобладилар. Кейин яна бир ҳудудни кўрсатдик. 
Таъкидлаб айтаманки, одамларга ер ажратилиб, компенсация пули тўланганидан сўнг уй-жойларни бузиш ишлари амалга оширилади. 
Аҳолини қаерга кўчириламан, мулким нима бўлади деган саволлар ташвишга солмаслиги учун аввал уйма-уй кириб, тушунтириш ишлари олиб бориляпти, огоҳлантириш берилмоқда. Борадиган жойи ҳал этилиб, компенсацияси қопланганидан кейингина кўчириш ишлари бошланмоқда. Лекин кимки зарарим қопланмади, муаммо ижобий ҳал қилинмади деб айтадиган бўлса, уни эшитиб, албатта муаммосини ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз. Уй-жой эгасининг ҳар бири билан шартнома тузилмоқда, уч тарафлама келишув битимида томонларнинг хоҳиши инобатга олинмоқда», - деди Фарҳод Эрманов.

16-07-2019, 13:47
Вернуться назад