DataLife Engine / «Ҳазораспнинг янги бозори сентябрь ойида ишга туширилади»

«Ҳазораспнинг янги бозори сентябрь ойида ишга туширилади»

    Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий масалалар, аҳоли билан тадбиркорларни ташвишга солаётган ва ечимини кутаётган долзарб муаммолар бўйича Kun.uz таҳририятига эксклюзив интервью берди.

    Вилоят раҳбари суҳбат давомида «Хоразм беклари» МЧЖга тегишли бўлган меҳмонхонанинг бузиб ташланиши билан боғлиқ бўлган иш, шунингдек, Урганч тумани, Хива шаҳри ва Ҳазорасп тумани марказидаги янги бозорларнинг қурилиши билан боғлиқ саволларга жавоб берди.
    «Хоразм вилоятида бозорлар бўйича жуда катта ишлар қилинди, уларни тўғри ёки нотўғри дейишдан йироқман. Лекин бу муаммоларнинг ҳаммаси бўйича ечими топилади. 
Хива шаҳри бозори бузилганидан сўнг, бу тадбиркорларнинг кўпчилигини шахсан қабул қилганман. Агар ҳужжатлари жойида бўлса, уларга ёрдам бериляпти. Яқинда 2-3 нафар фуқароларнинг ҳужжатларига асосан белгиланган ер майдонини бердик, шу билан боғлиқ ишларни ҳал қилдик, ваҳоланки 2-3 йилдан бери уларни ҳеч ким тингламаган экан. 
Урганч тумани бозори ва Абулғози Баҳодирхон кўчасидаги дўкон эгаларининг мурожаати билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқаман. Уларни шахсан қабул қиламан ва муаммосининг ҳал қилинишини таъминлаймиз.

    «Хоразм беклари» МЧЖ ва шаҳар ҳокимлиги ўртасидаги низо судда кўрилди, тарафларга келишув битими таклиф қилинди, ажрим қабул қилинди. Суднинг қарорини бажариш ҳамма учун мажбурий. Ажримда кўрсатилган талабларни бажарилишини ўз назоратимга оламан. Бу ишнинг ҳам ижобий ҳал бўлишини шахсан ўз назоратимга оламан.
Ҳазорасп тумани бозорига шахсан ўзим бориб, қилинган ишларни ўз кўзим билан кўрдим. Лойиҳа 90 фоизга бажарилган. Ҳозирча бозорнинг бир комплексида қурилиш ишлари қолган. Мустақиллик байрами кунигача бозорни тўлиқ ишга тушириш чоралари кўрилади. Бу жуда катта бозор, бу ерда жуда катта маблағ тушади. Ҳозир кўп маблағларнинг ҳисоб-китоби йўқ. Агар автомобиллар тўхташ жойидан тортиб тадбиркорлардан олинадиган кундалик йиғимни ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, маҳаллий бюджетга катта миқдордаги пул маблағлари тушмай турибди. Албатта бу бозорнинг тезроқ ишга тушишидан ҳокимлик ҳам манфаатдор», - деди Фарҳод Эрманов.


15-07-2019, 11:13
Вернуться назад