Мамлакатимизда ёш авлоднинг нурафшон эртасини таъминлаш, уларнинг таълим-тарбияси борасидаги ғамхўрлик намунасини янада шакллантириш, юрт барқарорлиги йўлида олиб бораётган самарали ишларини қўллаб-қувватлаш ҳамиша давлатимиз эътиборида ва эътирофида бўлиб келган.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Воҳамиз марказидаги “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ҳам аслида келажагимиз ворислари орзу умидларининг рўёби ва бу борада айрим ечимини кутаётган масалаларга қаратилди.
Унда вилоят ҳокими Фарход Эрманов инсон қадр-қиммати улуғланган мамлакатимизда ҳар бир ёш бахтиёр яшашга ҳақли ва барчамизнинг мақсадимиз ҳам аввало, умидли ёшларимизга барча соҳаларда кенг йўл очиб беришимиз бугуннинг муҳим масалаларидан бирига айлангани хусусида алоҳида тўхталди. Мазкур мулоқотда ёшларимиз вилоят раҳбарига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тўлақонли жавоб олдилар. Энг асосийси, тадбир иштирокчилари очиқ мулоқот тарзида ўтган ушбу тадбирдан ғоятда мамнун бўлишди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати