Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил апрель ойида Россия Федерациясига ва шу йили октябрь ойида Россия Федерациясининг давлатимизга бўлган давлат ташрифлари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарди.
Хоразм ва Волгоград вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик эса стратегик шериклик ва мустаҳкам дўстлик алоқаларини яққол намунасидир.
Россия Федерациясининг Волгоград вилояти губернаторининг биринчи ўринбосари Владимир Шкарин бошчилигидаги бир гурух ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Ташриф Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов ҳамда делегация аъзоларининг тор доирадаги учрашувидан бошланди. Мазкур учрашувда савдо-иқтисодий, маданий-маърифий, дўстона борди-келди алоқаларни йўлга қўйиш ҳақида сўз юритилди.
Ташрифнинг иккинчи кунида ишбилармон доира вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди. Учрашув аввалида икки вилоятнинг ҳамкорлик алоқаларига бағишланган видеорлик намойиш этилди. Учрашув давомида Хоразм ва Волгоград вилоятларининг турли соҳалардаги ҳамкорлигини кучайтириш, туризм салоҳиятини янада тарғиб қилиш ҳақида сўз борди.
— Ўзбекистонга Россиянинг Волгоград вилоятидан келганимизга бир неча кун бўлди. 2 кун Тошкент шаҳрида бўлиб таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт вазирлари билан учрашдик ва бу соҳалардаги хамкорликни ривожлантириш тўғрисида музокаралар ўтказилди. Хусусан, тўғридан-тўғри Волгограддан келадиган авиарейсларни йўлга қўйишни ҳам муҳокама қилдик. Хоразм вилояти вилоятдан делегация 2018 йил кузда Волгоградда бўлишган эди. Урганч шаҳрида В2В учрашув доирасида давлат бошқарув органлари, туризм, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳа вакиллари билан келгусида қатор амалий ишларни бажаришга келишиб олдик. Хоразмнинг салоҳиятини кўриб вилоятингиз тез ривожланаётганига гувоҳ бўлдик. Биз ҳам икки вилоят ўртасида нафақат туризмни, балки бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилиб олдик, - дейди Волгоград вилояти губернатори ўринбосари Владимир Шкарин
— Волгоград вилоятининг соғлиқни сақлаш соҳасида кўп йиллардан бери ишлаб келяпман ва бугун икки вилоятнинг ўзаро ҳамкорлик қилиши учун кўплаб имкониятлари мавжудлигига гувоҳ бўлдим. Волгоградда кўп тармоқли ва тор ихтисослашган тиббиёт муассасалар яхши ривожланган ва биз ҳудудингиз аҳолисига юқори технологияли ёрдам кўрсатиш имкониятларимиз тўғрисида хозир ҳамкасбларимиз билан фикр алмашдик. мумкин. Бундан ташқари, Урганчдаги тиббий олийгоҳ билан ҳамкорлик ўрнатилиши кутилмоқда. Унинг асосида шифокорлар тажриба алмашиши, семинар ва анжуманлар ўтказилиши назарда тутилган. Тиббиёт соҳасини ривожлантириш тўғрисида фикр алмашиб ҳамкорликни йўлга қўямиз деган умиддамиз, — дейди Волгоград вилояти соғлиқни сақлаш қўмитаси раисининг ўринбосари Виктория Тронева.
—Бугун вилоятингизнинг инвестиция, туристик салоҳиятлари тўғрисида презентациялар қўйишди ва Хоразм ҳақида кўп қизиқарли маълумотлар олдик, — дейди Волгоград вилояти экспортни қўллаб қувватлаш маркази раҳбари Виктория Афанасова. — Кўп соҳаларда ўзаро манфаатдорлик борлигини кўрдик. Агар экспортни айтадиган бўлсам, вилоятимизнинг тадбиркорлари Ўзбекистон бозорларига чиқишга тайер ва сизнинг тадбиркор ва фермерларингиз ҳам Волгоградга тайёр маҳсулотларни етказиб бериши мумкин. Бугун бу борада келишув имзоланди ва бу ҳудудлараро ҳамкорликнинг илк қадамлари бўлиб келгусида аниқ ва мақсадли ишлар амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлади. Ўтган йилларда Ўзбекистон билан Россия муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Серқирра муносабатлар ривожида салмоқли натижаларга эришилди. Биз ҳам ушбу мақсадли ишларга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Делегация аъзолари гуруҳларга бўлиниб таълим, тиббиёт ва саноат соҳалари билан яқиндан танишдилар.
Мамлакатимизда Россиянинг етакчи компаниялари иштирокида саноат, фармацевтика, агросаноат, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Волгоград вилоятининг турли соҳа вакилларидан иборат делегация ташрифи ҳам икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорлик кенгайиб боришига замин яратади.
Хоразм вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати