DataLife Engine / Энг кучлилар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор

Энг кучлилар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор

Хива шаҳрида Паҳлавон Маҳмуд номидаги I халқаро “Баҳодирлар ўйини” якунланди.

Халқаро номланиши “STRONG MEN” деб аталувчи ушбу мусобақа илк бора Хива шаҳрида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, World Strongmen федерацияси ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу турнирда Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Покистон, Латвия, Россия каби мамлакатлардан жаҳоннинг энг кучли 20 полвони иштирок этди.


Хива шаҳрининг турли жойларида жаҳоннинг энг кучли паҳлавонлари чиқишларини минглаб маҳаллий аҳоли ва хорижлик меҳмонлар катта қизиқиш билан кузатиб борди. Шунингдек, мусобақанинг ҳар бир босқичи турли халқаро ва республика оммавий ахборот воситалари томонидан онлайн тарзда ёритилди.


Турнир дастурига кўра, мусобақанинг биринчи кунида баҳодирлар оғир юкли аравани судраш, оғирлиги 140,160,180,200 килограмм бўлган Сангижумон тошларини маълум баландликка кўтариб жойлаштириш, 360 килограммлик мосламани елкада олиб юриш каби мураккаб шартларни бажарди.


– Турнирга етиб келишдан олдин Паҳлавон Маҳмуд ҳақида имкон даражасида маълумотларни ўргандим, – дейди Бразилиялик атлет Менецес Дос Сантос. – Мен тарихда ўзининг мардлиги ва олийжаноблиги билан жуда катта из қолдирган ушбу буюк паҳлавонга нисбатан ихлосим ортди. Ўзбекистон ҳам мен тасаввур қилганимдан гўзал экан. Айниқса, халқингизнинг меҳмондўстлиги менга жуда маъқул келди. Мусобақа ўтаётган қадимий шаҳарнинг таъсирини сезиб турдим, у менга катта мадад бўлди.


Мусобақанинг иккинчи кунида паҳлавонлар Хива темир йул вокзалида тепловоз тортиш бўйича ўз имкониятларини синаб кўрди. Ушбу ниҳоятда мураккаб машғулотни ҳамма баҳодирлар ҳам эплай олгани йўк. Чунки қарийб 160 тонналик локомотивни судрашнинг ўзи бўлмади. Бу шартни бажаришда украиналик паҳлавон Павло Кордияко тенгсиз деб топилди. Мамлакатимиз спортчиси Сергей Трубицын кичик фарқ билан иккинчи натижани кўрсатди, учинчи натижа Бразилия вакили Менецес Дос Сантоз Вагнерга тегишли бўлди.


Мазкур мусобақа доирасида Хоразм вилояти хокимлиги, Хоразм Маъмун Академияси ва Урганч давлат университети ташаббуси билан “Паҳлавон Маҳмуд – буюк аллома ва курашчи” мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилди.


Маъмун академиясида ўтказилган анжуманда илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, жамоат ташкилотлари вакиллари хамда Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган “Баҳодирлар уйини” турнирини ёритиш учун ташриф буюрган оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Баҳодирлар ўйинлари дастурига кўра, паҳлавонлар Орол денгизининг “Кемалар қабристони” дан келтирилган вазни 270 килограммлик “Мўйноқ лангари” ни кўтариб юриш, “Хива устунлари” ни ушлаб туриш ва ҳар бири 20 килограмм бўлган “Жалолиддин Мангуберди” ва “Амир Темур қиличларини” барқарор ушлаб туриш синовларида мусобақалашди.


Якуний натижаларга кўра, украиналик паҳлавон Павло Кордияко Паҳлавон Маҳмуд номидаги I халқаро “Баҳодирлар ўйини” турнирининг мутлақ ғолиби, деб эътироф этилди. Чемпион бош соврин 5 минг доллар пул мукофоти, диплом ва махсус совғалар билан мукофотланди.


– Ўзбекистонда биринчи маротоба бўлишим, – дейди Павло Кордияко. – Ўзбеклар жуда меҳмондўст эканлигини кўп эшитганман. Шу мусобақа сабаб бунга тўлиқ амин бўлдим. “STRONG MEN” спорти билан бир неча йилдан буён мунтазам шуғулланаман ва мусобақаларда фаол қатнашаман. Украина чемпиониман. Паҳлавон Маҳмуд нафақат курашда, куч-ғайратда балки бошқа бир қанча касбларни мукаммал эгаллаганлигини биламиз. Унга ҳавас қиламан. Спортчи кучли бўлиши билан бирга билимли ҳам бўлиши лозим. Олдимда турган яна бир маррани енгиб ўтганимдан хурсандман.


Эрон паҳлавони Резо Гижайетаси эса иккинчи ўрин соҳиби бўлди. Учинчи ўринларга Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган паҳлавон Сергей Трубицын ва Россия Федерацияси баҳодири Александр Кузьмин сазовор бўлишди. Турнирнинг барча иштирокчилари ташкилий қўмитанинг тегишли даражада пул ва бошқа мукофотлари билан тақдирланди.

Аҳмаджон ШОКИРОВ
9-06-2019, 19:23
Вернуться назад