Қулупнай кўп йиллик ўсимлик бўлиб, совуққа, турли касалликларга чидамлилиги, ҳосили эрта, яъни баҳорда пишиб етилиши, инсон организми учун шифобахш хусусиятлари билан ажралиб туради. Хонадон шароитида томорқанинг бир парча ерига экилган қулупнай ҳосилининг ўзи оила аъзолари эҳтиёжини тўла-тўкис қондириши табиий. Шу боис қулупнайни томорқа ерларида етиштириб, яхшигина даромад қилаётган элдошларимиз кам эмас.
Хонқа тумани Сарапоён қишлоғининг "Қорамози" маҳалласида истиқомат қилувчи Болтабой Жуманиёзов хонадони кўп йиллардан бери томорқасида қулупнай етиштириб, унинг оиласи эҳтиёжидан ортган қисмини бозорга таклиф этиб, ноз-неъматлар етиштиришни кўпайтиришга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонлардан бири. У оиласининг 22 сотих майдонни эгаллаган шахсий ва қўшимча томорқасида, тўрт нафар ўғли ва қизининг хонадонларига қарашли беш минг метрдан зиёдроқ майдонда, шунингдек, энтомофаглар ишлаб чиқаришга мўлжалланган лаборатория тасарруфидаги ерларда кўп йиллардан бери қулупнай етиштириб, элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
- Қулупнайнинг тур-навлари кўп, - дейди Б.Жуманиёзов. - Бизга ўсимликнинг Россия Федерациясидан келтирилган "Виктория" нави манзур. У совуққа, турли хил касалликларга, зараркунандалар ҳамласига чидамли, ҳосилдор. Бинобарин, кўп йиллардан бери шу нав экини бўйича 70-80 центнердан ҳосил етиштириб, ҳар 10 сотих ер ҳисобига 12-15 миллион сўмдан даромад қилиб келяпмиз.
Аслида бу экин озуқа ва намга талабчан. Шу боис ҳар йили баҳор келиб, ҳаво исий бошлагач, қулупнай майдонларининг ҳар гектари ҳисобига 1,5-2 тоннадан аммофос ўғитини берамиз. Ўсимликнинг ўтган йилдан қолган баргларини ўриб ташлаймиз. Бу эса экиннинг кенг туплаши, баравж ривожланиши гаровидир.
Фидойи томорқачи, миришкор деҳқон ўзига қарашли қулупнай далаларига ташриф буюрган туманлар ҳокимлари, агросаноат мажмуи мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарларига шу борадаги иш тажрибалари ҳақида гапириб берди, уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Шу юзадан ташкил этилган кўргазмали-семинар ишини вилоят ҳокими Ф.Эрманов бошқариб борди.
Кун тартибига қўйилган масала юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Ў.Қурбонов қулупнай экини ҳосилининг озиқ-овқат хавфсизлиги, дастурхонлар тўкинлигини таъминлаш, савдо пештахталарини тўлдириш, уларнинг бозор нархини арзонлаштиришдаги ўрни, аҳамияти, ўсимликнинг вилоятимиз тупроқ-иқлим шароитларида ўсиб-ривожланиш хусусиятлари, шу юзадан олдда турган вазифаларга батафсил тўхталди.
Истиқболда вилоятимизнинг барча туманларида қулупнай экини майдонларини кенгайтириш, шу тур неъматни бутун чоралар билан кўпайтириш лозимлиги қайд қилинди. Оилавий тадбиркор Болтабой Жуманиёзовга эса қулупнай етиштириладиган майдонларни янада кенгайтириш, шу юзадан 10 гектар майдонда фермер хўжалиги ташкил қилиш тавсия этилди.
Томорқа ерлари самарадорлигини ошириш, шифобахш неъматлар етиштиришни кўпайтириш борасидаги кўп йиллик фидойи меҳнатлари учун Болтабой Жуманиёзовга миллий анъаналаримизга мувофиқ тўн кийгизилди ва телевизор билан тақдирланди.
Оллаберган РАЖАБОВ