Ўзбек мумтоз қўшиқчилиги ёрқин юлдузи, Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов 72 ёшида вафот этди.
Ортиқ Отажонов 1947 йил, 30 январда Хоразм вилояти Боғот тумани Хитой қишлоғида туғилган.
Урганч мусиқа билим юртини битиргач, меҳнат фаолиятини 1968 йил Мухиддин Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси “Лазги” ансамбли хонандачилигидан бошлади. 1969 йил Муқимий номидаги Ўзбек давлат театри яккахон хонандаси. 1971-1980 йиллар – Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институти талабаси. 1972-1998 йиллар – Мухиддин Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси “Лазги” ансамбли хонандаси, бадиий раҳбари, яккахон хонанда. 1998-2001 йиллар – Мухиддин Қориёқубов номидаги академик ва халқ бадиий жамоалари дирекцияси “Ўзбекистон” ашула ва рақс ансамбли яккахон хонандаси бўлиб фаолият юритган.
Ортиқ Отажоновнинг санъаткор бўлиб етишишида буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг ўрни беқиёс бўлган.
Ортиқ Отажонов юзлаб қўшиқлар яратган. Унинг "Умр ўтар", "Лазги", "Ёра қурбон бу жоним", "Куйлар", "Бири сенсан, бири мен..." каби қўшиқлари халқ орасида ёд бўлган. Ижодий сафар билан 60га яқин давлатга бориб, концертлар берган.
Эл-юрт олдидаги кўп йиллик фидойи меҳнатлари 1980 йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони, 1991 йил “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони, 2018 йил “Буюк хизматлари учун” ордени билан муносиб тақдирланган.
Марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.
Ф.Эрманов, Қ.Игамбергенов, С.Салаев, О.Холбоев