Вилоятимизда 9 - май Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.
Эрта тонгдан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ҳарбийлар ва ёшлар Урганч шаҳридаги Хотира хиёбонида жам бўлди.
Президентимизнинг 2019 йил 23 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятда байрамни юқори савияда ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрилди. Ҳудудлардаги барча Хотира майдонлари, зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжолар, қабристонлар тартибга келтирилиб, ободонлаштирилди. Уч авлод учрашувлари ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Айни пайтда воҳамизда 36 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 1678 нафар фронторти меҳнат фахрийси умргузоранлик қилмоқда. Арафа кунлари вилоят ҳокими Фарход Эрманов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларига бориб, уларга Президентимиз табригини ўқиб эшиттирди, 7 миллион 500 минг сўмдан пул мукофоти ҳамда вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғаларини тантанали топширди.
Вилоятда фронт орти меҳнат фахрийларига ҳам алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда. Узоқ йиллар ҳалол ва самарали меҳнати билан барчага ўрнак бўлган 53 фахрийга I-, II- ва III-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари берилди.
Тадбир иштирокчилари Хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, тинч, обод ва тўкин ҳаётимиз учун жонини фидо қилган аждодлар хотирасини ёдга олди.
Урганч шаҳридаги “Бахт қуши” тўйхонасида фахрийлар учун байрам дастурхони ёзилди. Бу ерда кўргазмали дала полигони хам ташкил этилди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати