DataLife Engine / АҲОЛИ БАНДЛИГИ - МУҲИМ МАСАЛА

АҲОЛИ БАНДЛИГИ - МУҲИМ МАСАЛА


Хоразм вилояти Янгиариқ  туманидаги   Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази янги бинода иш бошлади.

Бинонинг очилиш маросимини Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг  марказ директори Умарбек Султанов расман очиб берди. Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича бугун кунда олиб борилаётган салмоқли ишлар ва янги бинода ўз фаолиятини давом эттирадиган Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази бу борада ишончли вакиллик органи бўлиб қолиши алоҳида қайд этилди.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингандан сўнг аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, қарор бўйича аҳолининг турли ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига гаров таъминотисиз энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача микрокредитлар ажратиш, ишсиз шахсларни, айниқса, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитиш ишларида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари муҳим кўприк вазифасини ўтайди.

Янгиариқ туманидаги аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг замонавий шароитларга эга янги бино билан таъминланиши аҳолига янада сифатли хизмат кўрсатиш имконини беради. Маросимга йиғилганлар янги бинонинг ана шу замонавий қиёфаси билан танишдилар.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг бундай янги бинолари босқичма-босқич бошқа туманларда ҳам очилиши кутилмоқда.


Хоразм вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати


8-05-2019, 17:37
Вернуться назад