DataLife Engine / Давлат дастурларининг ижроси жамоатчилик назорати эътиборида

Давлат дастурларининг ижроси жамоатчилик назорати эътиборида


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан 2019 йилнинг 28-29 апрель кунлари Хоразм вилоятида тарғибот учрашувлари ва жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилди. Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад фуқаролар ҳамда ишбилармон доира вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, уларни ислоҳотлар атрофида бирлаштириш, таклиф ва ташаббусларини ўрганиш шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, давлат ва жамият қурилиши соҳаларида юз бераётган ислоҳотлардан хабардор қилиш ҳамда қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан жамоатчилик назорати тадбирларини ўтказишдан иборат.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар кўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Урганч, Хива шаҳарлари ҳамда Хива туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича фуқароларнинг хабардорлигини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни аниқлашга қаратилган очиқ мулоқотлар ўтказишди. Шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясини Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси юзасидан жамоатчилик назорати амалга оширилди. Тадбирлар давомида соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш, арзон уй-жойлар қурилиши, инвестиция ва бандлик бўйича ҳудудий дастурлар ижроси, аёллар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг фаровонлигини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. 


Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил учун Инвестиция дастурининг жойлардаги ижроси ўрганилди. Бунда лойиҳа-смета ҳужжатларининг тайёрланганлиги, лойиҳаларни амалга ошириш учун тегишли манбаларлардан маблағлар ажратилганлиги, лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар, мутасадди ва масъул бўлган давлат идораларининг ҳаракатлари, амалга оширилган ишларнинг муддатлари, миқдори ҳамда сифатига алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят Маънавият ва маърифат марказида ўтказилган тадбирда халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, вилоят бошқарма, идора ва ташкилотлари раҳбарлари, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Давра суҳбатида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бурханов Акмал Эшондедаевич, Кондрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси координатори Алиқулов Ашраф Махмудович, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Мухаммадиев Улуғбек Насриддиновичлар қатнашди. Давра суҳбатини вилоят ҳокимининг ўринбосари Умурзақов Махмуджон Рахимович олиб борди.


Маълумот ўрнида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5635-сон Фармони асосида ташкил этилган. 

Ҳаракатнинг асосий мақсади фуқаролар, хорижда яшаётган ватандошлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларни ихтиёрийлик асосида бирлаштириш орқали юртимизда режалаштирилган ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш ҳисобланади.

Лойиҳа Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилди. 

29-04-2019, 23:46
Вернуться назад