Хоразм вилоятида жорий йилнинг 5-6апрель кунлари “Хоразмга инвестиция киритинг” шиори остида ўтказилган
инвестиция форумида Хитой, Россия, Франция, Саудия Арабистони, Малайзия, Озарбайжон, Баҳрайн,
Туркманистон каби дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан 100 дан зиёд компания вакиллари иштирок этди.
Чжу Цзань ЧЕНГ, Хитойнинг маданият ва ҳунармандчилик инвестиция жамғармаси бош котиби (Хитой):
– Форум жуда юқори савияда ташкил этилган. Унинг иккинчи кунида барчамиз Хива шаҳрида бўлиб, бу ердаги тарихий обидалар, осори-атиқалар билан танишдик. Айниқса, Хоразмнинг қадимий урф-одатлари барчада илиқ таассурот қолдирди.
Халқингиз маданияти жуда бой. Уларнинг кўп қисми сақланиб қолганлиги туризм соҳасида воҳа жозибадорлигини янада оширади. Бу ерда ҳар қандай туристик лойиҳани амалга ошириш имконияти мавжуд. Бизнинг фонд ушбу вилоятга инвестиция киритади ва бошқа инвесторларни жалб қилишда яқиндан кўмаклашади. Хитой ва Ўзбекистон маданияти
ва тарихига кўра азалдан савдо ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади.
Муҳаммад АВАД, “AWAD GROUP” компанияси бош менежери (Саудия Арабистони):
– Касбим инженер. Асосан меҳмонхона қурилиши соҳасида иш олиб бораман. Форумда қатнашиб, бу ерда меҳмонхона индустриясининг келажаги борлигини кўрдим. Айниқса, ҳукумат томонидан инвестиция лойиҳалари учун божхона ва солиққа тортиш борасида берилган қатор имтиёзлар менга манзур бўлди. Шунингдек, туризм ва таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик қилиш ниятидаман. Ўйлайманки, келгусида киритилган инвестиция маблағлари икки томон учун ҳам манфаатли ва самарали бўлади.
Жараям ПАРТАСАРАТИ, “IT Park” лойиҳаси сармоядори (Ҳиндистон):
– Мен Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали талабаларининг ўқиш жараёни ва вилоятдаги “Ўзтелеком” акциядорлик компаниясининг вилоят бўлими мутахассислари иш фаолияти билан танишдим. Ушбу вилоятда замонавий ахборот технологияларини ривожлантириш жуда муҳим. Чунки Урганч ва Хива шаҳарсозлигида жуда катта ўзгаришлар рўй бериши
кутилаётган экан. Бу эса, ўз навбатида, ахборот-коммуникация тизимини тубдан такомиллаштириш заруратини туғдиради. Шунингдек, ушбу соҳа мутахассисларига жуда кўплаб эҳтиёж юзага келади. Биз эса ана шу жараёнларда яқиндан кўмаклашамиз.
Руслихан ДАХРАДЖИ, “Hadid Enginering” компанияси ижрочи директори (Малайзия):
– Бизнинг компаниямиз Хоразмда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида қатнашишни истайди. Биз Урганч шаҳрида “Ақлли шаҳар” лойиҳасига сармоя киритиб, унда иштирок этиш ниятидамиз. Форум ўз вақтида ва юксак даражада ташкил этилган.
Шовот туманидаги “УзТекс” қўшма корхонасида бўлдим. У ердаги 1200 ходимдан иборат профессионал жамоанинг иш жараёни ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати билан танишдим. Эндиликда ушбу корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Малайзия бозорига кириб боришида кўмаклашмоқчиман. Шунингдек, буюртма асосида компаниямиз ишчи-хизматчилари учун кийим-кечак сотиб олишни режалаштирдим.
Николай ШЕРБАКОВ, Россия боғдорлар уюшмаси бош директори:
– Бизда Ўзбекистон мева ва сабзавотлари жуда қадрланади. Жорий йилда Хоразм вилоятида минг гектар майдонда замонавий интенсив боғ яратишни режалаштирмоқдамиз. Унинг қиймати ҳозир мутахассислар томонидан ҳисоб-китоб қилинаётир. Бу ернинг иқлими интенсив боғ учун жуда қулай экан. Аммо сувни тежаш жуда муҳим. Шунинг учун ҳам боғда сув тизими алоҳида тежамкор замонавий технологиялар ёрдамида бошқарилади. Ушбу форум доирасида бошқа давлатлардан келган ҳамкасбларимиз билан ҳам кўришиб, ҳамкорлик қилишга келишиб олдик.