DataLife Engine / Хорижий инвестиция мамлакат тараққиётига хизмат қилади

Хорижий инвестиция мамлакат тараққиётига хизмат қилади

Хоразм вилоятида жорий йилнинг 5-6 апрель кунлари “Хоразмга инвестиция киритинг” шиори остида халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди.


Биринчи бор ўтказилган форумда Хитой, Россия, Франция, Саудия Арабистони, Малайзия, Озарбайжон, Баҳрайн, Туркманистон каби дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан 100 дан зиёд компания вакиллари иштирок этди. Шунингдек, форумда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари қатнашди.


Халқаро анжуманнинг очилиш маросимида мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, хорижий инвесторлар учун имтиёзлар берилаётгани таъкидланди. Иштирокчиларга Хоразм вилоятининг иқтисодий салоҳияти, ички имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.


Халқаро нуфузли ташкилотлар ва дунёнинг етакчи компаниялари вакиллари форум борасидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.


– Мен Ўзбекистонда аккредитациядан ўтганимга бир неча кун бўлди, – дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска. – Мен учун мамлакат ҳудудлари билан танишиш Хоразм диёридан бошланганидан жуда хурсандман. Чунки ушбу воҳа ўзининг бой тарихи билан Марказий Осиёда алоҳида ўрнига эга. Форум жуда яхши ташкил этилган. Бир нечта давлатларнинг кўзга кўринган компаниялари бу ерда иштирок этмоқда. Ўйлайманки, форум доирасида олиб бориладиган ҳамкорлик музокаралари Хоразм вилояти учун жуда катта фойда келтиради.


Халқаро форум шуъбаларга бўлинган ҳолда ишини давом этди. 


Қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни ишга солиш – пахтачилик кластери, замонавий гидропоник иссиқхоналар, интенсив боғлар, логистика марказларини қуриш, шунингдек, чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик кластерларини ташкил қилиш борасида маҳаллий ҳокимлик, тегишли бошқарма ва ташкилотлар хорижий инвесторлар билан қатор келишувларга эришди.


– Хоразм қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда жуда катта потенциалга эга ҳудуд экан, – дейди испаниялик инвестор Жоссе Антонио Эстебан Виллегас. – Мен бу ерга 80 миллион доллар инвестиция киритиб, замонавий технологиялар билан жиҳозланган 180 гектар майдонда “Инновацион иссиқхона” қурмоқчиман.


Форум доирасида ўтказилган “B2B” форматидаги учрашувда Хоразм вилояти ҳокими хорижий компаниялар вакиллари билан суҳбатлашди.


Қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм, ижтимоий соҳа йўналишларида 100 дан ортиқ истиқболли лойиҳа тақдимоти, ҳудуддаги корхоналар ва кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган турли маҳсулотлар ярмаркаси форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. 


Форум доирасида иштирокчилар вилоятдаги йирик корхоналар, савдо, туристик ва қишлоқ хўжалиги объектларида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди.


“Хоразмга инвестиция киритинг” шиори остидаги халқаро инвестиция форуми хорижий давлатлар билан мамлакатимиз ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий алоқаларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар очди. Форум доирасида кўплаб ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. 

6-04-2019, 19:28
Вернуться назад