DataLife Engine / "Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари" ғолиблари аниқланди

"Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари" ғолиблари аниқланди

Урганч шаҳридаги Ёшлар марказида "Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари" кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Тадбирда вилоят ҳокими Ф.Эрманов қатнашди ва сўзга чиқди. 

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда ички ишлар органлари таянч пунктлари ва профилактика инспекторларининг ўрни ортиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда ушбу тизим фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ички ишлар органлари
 таянч пунктлари маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси, турли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳоли истиқомат жойларида, ҳудудда осойишталик ва ижтимоий маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу эса ҳар қандай жиноятчиликнинг олдини олиш имконини бермоқда. 

Ички ишлар органларининг таянч пунктлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги иш услубини, тажрибасини янада ошириш, оммалаштириш ва рағбатлантириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказилаётган "Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари" кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ички ишлар бошқармасининг бошлиғи Ш.Раҳманов маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда ёшлар фаоллари билан биргаликда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишда, салбий иллатларга барҳам беришда ва аҳоли истиқомат жойларида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшларнинг бўш вақтларини фойдали, мазмунли ўтказишда ўзаро ҳамкорликда самарали иш олиб борилаётганлигини таъкидлади. 

Танлов давомида ички ишлар таянч пунктларида амалга оширилаётган ишлар атрофлича ўрганилди. 

Мазкур танлов ғолибларини аниқлашда ички ишлар органларининг таянч пунктлари хизмат кўрсатаётган ҳудуддаги аҳвол, профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғини ва аҳоли билан ҳамкорлиги, тажрибаси, вояга етмаганлар билан ишлаш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Кўрик-танловнинг вилоят босқичида Хива тумани "Газчи" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 43-сон ички ишлар таянч пункти ғолиб, деб топилди.
 Қўшкўпир тумани "Ошаққалъа" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 242-сон ички ишлар таянч пункти 2-ўрин, Урганч шаҳридаги "Камолот" маҳалла фуқаролар йиғини 17-сон ички ишлар таянч пункти эса 3-ўринга сазовор бўлди. 

Танловда ғолиб ва турли номинациялар бўйича ғолиблар тақдирландилар. 

Тадбир якунида таниқли санъаткорлар, ёш ижодкорлар томонидан мусиқали дастур намойиш этилди.

12-02-2019, 15:29
Вернуться назад