DataLife Engine / Жойларда уч-тўрт кун, айрим ҳолларда ҳафталаб электр энергияси бўлмаслигига ким айбдор?

Жойларда уч-тўрт кун, айрим ҳолларда ҳафталаб электр энергияси бўлмаслигига ким айбдор?

“Бир саволга бир жавоб” лойиҳасининг меҳмони Хоразм вилояти ҳокими  Фарҳод Эрманов.

– Хоразмда аҳоли электр энергияси таъминотидаги муаммолар юзасидан кўп мурожаат қилишади. Тармоқдаги узилишлар нафақат аҳоли хонадонлари, ҳатто ижтимоий объектлар, шифохона ва мактабларда ҳам кузатилмоқда. Вилоятда уч-тўрт кун, айрим ҳолларда ҳафталаб электр энергияси бўлмаслигини қандай изоҳлайсиз?


– Хоразм вилоятида жами 348 мингдан ортиқ аҳоли хонадони электр истеъмолчиси, 18,4 мингдан ортиқ улгуржи электр истеъмолчилари мавжуд бўлиб, уларни бир соатлик электр энергиясига бўлган талаби 260 - 270 Мвт. ни ташкил қилади. Бу электр истеъмолчилар асосан Урганч шаҳрида жойлашган “Хоразм” 220/110/10 кВ кучланишли подстанцияга ўрнатилган 2 та ҳар бири қуввати 125 МВА бўлган автотрансформатор орқали таъминланган. Бу автотрансформаторларнинг ўтказувчанлик қуввати 210 МВт. ни ташкил қилиб, 50-60 Мвт. электр энергия қуввати етишмас эди. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келган.


Бу вазиятни тўғрилаш учун “Хоразм” 220/110/10 кВ кучланишли подстанция реконструкция қилиниб қуввати 200 МВА бўлган қўшимча автотрансформатор ўрнатилди.


Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 июндаги ПҚ-2541-сонли қарорига асосан вилоятдаги электр энергияси истеъмолчиларини электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 2019-2020 йилларда Хоразм вилоятига қўшимча равишда “Тахиатош – Хоразм –Саримай” 220 кВ кучланишли ҳаво линияси қурилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида вилоятимизга қўшимча равишда 100 Мвт. электр энергияси қуввати билан таъминлаш имконияти мавжуд бўлади.


Ушбу кўрсатилган топшириқлар ҳал бўлгунга қадар Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2018 йил 1 декабрдан бошлаб Туркманистон Республикасининг Тошховуз вилоятидан Хоразм вилоятига соатига 100 Мвт. электр энергияси импорт қилиш масаласи ижобий ҳал қилинди.


Бунинг натижасида истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш яхшиланиб, электр энергияси бўйича узилишлар бартараф қилинди.



ЎзА

9-01-2019, 20:44
Вернуться назад