DataLife Engine / Сенат Раиси: Марказий Осиё – иқтисодий ўсишнинг муҳим марказларидан бирига айланиб бормоқда

Сенат Раиси: Марказий Осиё – иқтисодий ўсишнинг муҳим марказларидан бирига айланиб бормоқда


Хива шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форуми ўз ишини давом эттирмоқда.

Форумда Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева минтақамизни Европа темир йўллари тармоғи билан боғлашга мўлжалланган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл магистрали қурилиши тўғрисида битим тузилиши Марказий Осиё учун транспорт-транзит йўналишларини диверсификация қилишда катта ютуқ бўлганини қайд этди.
– Маданий-гуманитар алмашинув сезиларли даражада фаоллашди, - деди Т.Норбоева. – Минтақа халқларининг нафақат иқтисодий, балки маданий-гуманитар алоқалари кучайишига хизмат қилувчи туризм соҳасининг ривожида ҳам Марказий Осиё минтақасининг аҳамияти катта. Жумладан, бугун мамлакатларимизга ташриф буюраётган сайёҳларнинг 80 фоизга яқини қўшни мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу борада Марказий Осиё давлатларининг туризм салоҳиятини ошириш, минтақа бўйлаб оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқишга қаратилган “Бир тур – бутун минтақа” лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.
Бу ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чоралар, албатта, амалиётда ҳам ўз аксини топмоқда. Жумладан, минтақадаги савдо ҳажми 4,4 баробар, қўшма корхоналар сони 5 баробар, ўзаро инвестициялар ҳажми қарийб 2 баробар ошди.
Умуман олганда, бугун Марказий Осиё иқтисодий ўсишнинг муҳим марказларидан бирига айланиб бормоқда. Минтақа мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти 450 миллиард долларга яқинлашди. Минтақанинг ўсиш суратлари (4,8 фоиз) бутун дунёнинг ўртача ўсиш суратларидан (2,6 фоиз) деярли икки баробарга юқори.
Шу билан бирга, бугунги кунда дунёда рўй бераётган мураккаб вазият, атрофимиздаги ҳолатнинг ўзи Марказий Осиё мамлакатларининг янада жипсроқ бўлишини тақозо қилмоқда.
Бугунги кунда минтақа ўзининг яхлит ривожланиш бўйича ягона қарашга эга, халқаро муносабатларда мустақил субъект сифатида ҳаракатланиш мақсадида дадил одимлар ташламоқда. Албатта, бу тараққиётнинг мутлақо янги босқичини билдиради, ягона макон сифатида ривожланиш учун имкониятлар яратади.
– Бугун барчамизда умумий қараш шаклланмоқда – яъни минтақа тараққиёти, хавфсизлиги ва фаровонлиги бўлинмасдир ва умумий тақдирга эга. Зеро маданияти, урф-одати ва анъаналари, қадриятлари бир бўлган халқларда дўстлик ва ҳамкорликдан бошқа йўл ҳам мавжуд эмас. Минтақамизда қайд этилган натижалар, шубҳасиз, давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари туфайли рўй бермоқда.  
Шундан келиб чиқиб, биз парламент вакиллари ўзаро алоқаларимизнинг кейинги истиқболларини белгилаб олишимиз керак, – деди Сенат Раиси.


12-09-2024, 17:58
Вернуться назад