22 март - Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янги босқичга кўтариш, жамиятимизда маҳалланинг ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, маҳаллабай ишлаш тизимини йўлга қўйиш борасидаги самарали хизматлари учун бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг орден ва медаллари ҳамда "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони билан мукофотландилар. Жумладан, вилоятимиздан Боғот туманидаги "Кўнабирлашув" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Махмуджон Машарипов ва Тупроққалъа туманидаги "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Нафосат Аллаберганова "Шуҳрат" медали билан, маҳалла тизими ходимларидан 14 нафари "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони, шунингдек, бир гуруҳ маҳалла фаоллари вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.