Урганч туманидаги Оёқбоғ маҳалласида аҳолига деҳқон хўжаликлари ташкил қилиш учун ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича вилоят семинар кенгаши ўтказилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, кейинги икки йилда вилоят бўйича 12 609 гектар ер майдонлари аҳолига деҳқон хўжаликлари юритиш учун ажратиб берилди. Жорий йилнинг 1 март санасигача яна 1124 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар аҳолига электрон аукцион савдолар орқали деҳқончилик билан шуғулланиш учун 30 йил муддатга ижарага берилади.
Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўктам Машарипов сўзга чиқиб, Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 февралдаги “Аҳолига деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, деҳқон хўжаликларида экинларни “Бир дала, бир маҳсулот” тамойили асосида жойлаштириш, маҳсулотни етиштиришдан тортиб сотишгача бўлган занжирни яратувчи “кооператив” ва “агрегатор” тизимини жорий қилиш масалалари хусусида тўхталди.