Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан 9 декабрь-халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан “Коорупция – тараққиёт кушандаси” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бошқармаси, департамент ва мажбурий ижро бюроси вакиллари, солиқ хизмати органлари ходимлари, тадбиркорлар ҳамда журналистлар иштирок этди.
Очиқ мулоқотни ташкил этишда департамент органларида коррупцияга қарши курашиш борасида амалиётга татбиқ этилаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш, хусусан, давлат ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида коррупция ҳаракатларини олдини олиш ва уларга чек қўйишга оид масалалар юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижроси ҳамда келгусидаги вазифалар режасига асосий эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда аҳоли, тадбиркорлар ҳамда давлат ташкилоти ходимларига ҳар томонлама қулай шароит яратиб берилаётгани, аммо баъзи ҳолларда айрим фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмасликлари туфайли таъмагирлик, порахўрлик, коррупция ҳолатлари юзага келаётгани, бунинг учун эса, давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарур эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда вилоят ҳудудида суд-ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан коррупцияга қарши курашиш мақсадида фуқаролар билан жойларда ўтказилган сайёр қабуллар ва уларда кўтарилган масалалар ҳам муҳокама этилди. Шунингдек, департамент ходимлари бевосита халқ билан мулоқотда бўлиши, уларни қизиқтираётган масалалар, муаммолар ҳақида маълумотларга эга эганлиги ҳамда унинг ечими юзасидан барча ташкилотларнинг ҳамкорлиги зарурлиги таъкидланди.
Бугунги кунда жаҳон миқёсида коррупцияга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бу борада кўплаб халқаро ҳужжатлар ҳам қабул қилиниб, улар асосида ушбу иллатга қарши чоралар кўрилмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу борада тегишли давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида, коррупция ҳолатини фош этиш борасида ўтказилган тадбирлар натижасида, жами 90та жиноят ишлари қўзғатилган. Шулардан 4 ҳолатда ҳокимият ходимларига нисбатан, 2 та ҳолатда солиқ ходимларига нисбатан, 3 та ҳолатда банк ходимларига нисбатан ва 79 та ҳолатда бошқа идоралар ходимларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланган.
Жиноят кодексининг коррупцияга оид моддалари бўйича тахлил қилинганда, 210-модда билан 10та, 211-модда билан 33 та, 214-модда билан 5 та, бошқа моддалар билан 30 дан ортиқ жиноят ишлари қўзғатилган.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида ўтказилган тадбирларда жами 432 та ҳолат аниқланиб, 179 та жиноят, 253 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар қўзғатилди. Давлат бюджетига 12754,0 миллион сўм қўшимча солиқ ва молиявий жарималар ҳисобланиб, бюджетга 7145,9 миллион сўми ундирилишига эришилди. Давлат ва жамоат манфаатларига 10923,8 миллион сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланиб, 3499,3 миллион сўми қопланди. Шунингдек, 2131,3 миллион сўмлик ноқонуний муомалага киритилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Валютани қонунга ҳилоф равишда муомалага киритишнинг олдини олиш борасида олиб борилган тадбирлар жараёнида 145 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, натижаларига кўра 20 та жиноят ва 125 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилган. Ҳуқуқбузарлардан 129349 АҚШ доллари, 548310 Россия рубли, 517700 Қозоқ тенгеси ва 689,18 миллион Ўзбек сўми далилий ашё сифатида олиниб, давлат эгалигига ўтказилди.
Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси ва бўлимларида ташкил этилган “Ишонч телефон”лари ҳамда электрон хизматлар фуқароларнинг, барча тоифадаги солиқ тўловчилар ва тадбиркорлик субъектларининг ўз вақтида мурожаат этишлари ва иқтисодий жиноятларни олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида департаментга 269 нафардан ортиқ фуқаролардан 300 га яқин мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 84 таси Департамент органлари томонидан кўриб чиқилиши таъминланди. 151 та мурожаатлар тегишлилиги бўйича бошқа идораларга юборилди, 15 таси кўриб чиқиши тугатилди ва 9 таси аноним деб топилди.
Коррупцияга қарши курашиш борасида халқаро ва миллий тажриба ҳақида аҳолининг ҳуқуқий билимларини янада ошириш мақсадида департамент ходимлари томонидан жойларда ташкил этилаётган тарғибот тадбирларида ҳам тадбиркорлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари ўртасида коррупция ва таъмагирлик каби ҳуқуқбузарликларни олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бошқармада ташкил этилган тадбирда ҳам мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш нафақат бу иллатнинг олдини олиш, давлат ва жамият тараққиётига хизмат қилиши таъкидланди. Департамент ходимлари ўртасида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, коррупция билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этишга оид масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Давлат ташкилотлари томонидан ўтказилаётган бу каби тадбирлар жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишни таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий билимларини янада бойитишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, жамият ва тараққиёт кушандаси, одамларни йўлдан оздирувчи қабоҳат – коррупция аталмиш жиноятга қарши кескин курашиш, унинг йўлига қатъий тўсиқ қўйиш эртанги кунимизнинг фаровонлигида, халқимизнинг давлатимиздан рози бўлиб яшашида муҳим аҳамият касб этади.
Ғайратжон СУЛТАНОВ
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси