Ушбу тизимда 3 та вазирлик ва идора, 3 та инспекция, 5 та компания, ҳудудларда қурилиш, уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳаларига масъул ҳоким ўринбосарлари борлиги, пойтахт ва Тошкент вилояти ҳокимларига қурилиш ва коммунал соҳага алоҳида ўринбосар берилганига қарамай, бу комплекс халқимиз энг кўп норози бўлиб мурожаат қиладиган соҳалардан бири экани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари қурилиш соҳасига замонавий стандартларни жорий қилиб, қурилиш нормаларини янгилаш, ичимлик суви таннархи ва тармоқдаги йўқотишларни камайтириш, маҳаллий авиарейсларни кўпайтириш, Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашдаги камчиликларни бирма-бир санаб, мутасаддиларнинг бу борадаги ишлари қониқарсиз эканлигини қайд этди.
Шу муносабат билан транспорт вазири И.Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари М.Омаров, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи О.Саидов ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раиси А.Жўраевга ҳайфсан эълон қилинди ва охирги огоҳлантириш берилди.