DataLife Engine / Аҳоли ўртасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд

Аҳоли ўртасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд



Ёлғон (фейк) ва нохолис ахборотларни тарқатганлик учун қонунчиликда қандай жазолар белгиланган?


АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева бу борада батафсил маълумот берди.

Ижтимоий тармоқлар орқали ишлаб чиқарувчи ёки рақобатчини обрўсизлантириш ёхуд иқтисодий зарба бериш мақсадида асосланмаган, ёлғон овозли, фото ва видеохабарларни тарқатиш Жиноят кодексининг 192-моддасида белгиланган жавобгарлик билан жазоланади;

Туҳмат, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмаларни тарқатганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида ҳамда Жиноят кодексининг 139-моддасида жавобгарлик белгиланган;

Шунингдек,  ёлғон хабар тарқатганлик учун фуқаровий жавобгарлик ҳам мавжуд. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 102(1) моддасида шахснинг ор-номуси, шаъни ва қадр-қиммати ҳамда ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли маънавий зарар етказилган бўлса, етказувчининг айбидан қатъий назар қопланиши лозимлиги  кўрсатиб ўтилган;



⚠Ёлғон хабарлар тарқалишини олдини олиш ва уни тарқатган шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида 2020 йил 25 декабрь куни қабул қилинган ЎРҚ 658-сон Қонуни билан ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.


Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202 (икки) моддасига кўра жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш БҲМнинг 50 (11 млн 150 минг сўм) бараваридан 100 (22 млн 300 минг сўм) бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


Шунингдек, Жиноят кодексининг 244 (олти) моддасига мувофиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам ушбу хатти-ҳаракатлар такрор содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача (44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

9-01-2024, 16:02
Вернуться назад