Бугун вилоятимизда биринчи қор ёғди. Ҳаво ҳарорати анча пасайиб энергия ресурсларига бўлган кундалик талаб ошган бўлсада, истеъмолчиларга иссиқлик энергияси узлуксиз етказиб берилмоқда. Вилоят ҳокими Жўрабек Рахимов Урганч шаҳридаги бир қатор ижтимоий соҳа объектларида бўлиб, иситиш тизимларининг иш ҳолати билан танишди, жумладан, вилоят перинатал маркази ҳамда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, бинолар ичкарисидаги ҳароратнинг белгиланган меёрлар даражасида эканлигини кўздан кечирди.
Ҳурматли фуқаролар! Бугунги ноқулай об-ҳаво шароитида йўлларнинг сирпанчиқлиги ортиши туфайли ҳайдовчилар ва пиёдалардан ҳаракатланиш жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни, шунингдек, хонадонларни иситишда қўлбола мосламалардан фойдаланмаслик, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишингизни сўраб қоламиз.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати