Сўнгги йилларда мамлакатимизда “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, жиноий жазоларни либераллаштириш, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилди ва далилларга баҳо бериш институти тубдан такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.
Хоразм вилоят судларида оқлов ҳукмлари: 2018–2022 йиллар ва 2023 йилнинг январь-август ойларида 8857 нафар шахсга нисбатан 7121 та жиноят иши кўриб чиқилган ва шундан 82 нафар шахс оқланган.
Бир қарашда ушбу кўрсаткичлар оддий рақамлар бўлиб кўриниши мумкин, лекин шунча ноҳақ айбланган инсоннинг оиласи бағрига қайтишини, озодликка чиқишини кўз олдимизда тасаввур қилиб кўрсак, албатта амалга оширилган ислоҳотларнинг самарасини оддий бир инсон тақдирида қандай акс этганини аниқ тасаввур қиламиз, зеро эркинлик инсон учун энг олий неъматдир.
Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, судьялар мустақиллигини таъминлаш борасидаги суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳам натижасидир.