Хива шаҳридаги “Фаровон” меҳмонхонасида Хоразм вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан “Бир макон ва бир мақсад учун сармоя” шиори остида бизнес форум ўтказилди.
Тадбирда Республикамизнинг турли ҳудудлари ва хорижда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган 200 нафардан зиёд хоразмлик ишбилармонлар, маҳаллий ҳокимликлар, давлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Форумдан кўзланган мақсад – дунёнинг турли минтақаларида ўз бизнесини йўлга қўйган маҳаллий тадбиркорларга вилоятда янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринлари яратиш, хизматлар соҳасини кенгайтириш учун ўз сармояларини киритишни таклиф этиш ҳамда уларнинг лойиҳаларини қўллаб - қувватлашдан иборат.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Рахимов форум иштирокчиларини қутлаб, мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун яратилган имкониятлар ва ҳуқуқий кафолатлар хусусида тўхталди.
Масъул ташкилотлар раҳбарлари Хоразм вилоятида тадбиркорлар учун берилган солиқ ва кредит имтиёзлари, транспорт логистика, ер ажратиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида бизнес юритиш қулайликлари тўғрисида батафсил маълумот бердилар.
Форумда мамлакатимизнинг чет эллардаги элчихоналари ходимлари ва хорижда фаолият юритаётган хоразмлик тадбиркорлар видеоалоқа тизими орқали қатнашиб, ўзларининг бизнес таклифларини билдирдилар. Бир қатор истиқболли лойиҳалар бўйича тадбиркорлар билан мулоқотлар ўтказилиб, тегишли меморандумлар имзоланди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати