Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Рахимовнинг чекка маҳаллаларда аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда. Вилоят раҳбари бугун Янгиариқ туманидаги “Ғалтак” маҳалласида бўлди. Маҳалла фаоллари билан мулоқот чоғида маҳаллада янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан самарали фойдаланиш, қиш мавсумида кўмир ва суюлтирилган газ таъминоти масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Рахимов мутасадди раҳбарлар билан бирга маҳалла бўйлаб яёв юриб, ҳудудда тозалик ва ободонлаштириш ишлари, ички йўлларнинг аҳволи билан танишди, ижтимоий оғир аҳволдаги бир нечта хонадонларга кириб, уй эгалари билан суҳбатлашди.
Дурдипошша Маткаримова 3 нафар фарзандни тарбияламоқда, уларнинг бир нафари 1-гуруҳ ногирони. Боқувчисини йўқотган ушбу оиланинг уй-жойи анча таъмирталаб аҳволга келиб қолган, ногиронлик аравачасига ҳам муҳтожлиги бор. Вилоят раҳбарининг топшириғи билан Дурдипошша опанинг хонадони уй-жойлари давлат томонидан таъмирланадиган оғир ижтимоий аҳволдаги оилалар рўйхатига киритилди, ногирон фарзандига махсус аравача ажратилди. Шунингдек, оиланинг олий ўқув юртида таҳсил олаётган катта фарзандининг тўлов-контракт миқдорининг 50 фоизи тегишли жамғарма ҳисобидан қоплаб бериладиган бўлди.
Маҳаллада уйма-уй юриш натижасида фуқароларни ташвишлантираётган мана шундай бир қатор муаммолар аниқланди ва уларга самарали ечим топилди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати