Об-ҳавонинг кескин ўзгариши туфайли коммунал соҳаларда кўплаб муаммолар юзага келиши мумкин. Шу боис қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида барча шаҳар ва туманларда узлуксиз навбатчилик штаби ташкил қилинган. Хўш, ушбу штаблар фаолияти талаб даражасидами?
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Рахимов Гурлан туманида ташкил қилинган штаб фаолияти билан танишиб, ишчи гуруҳ аъзолари билан мулоқотда бўлди. Суҳбат жараёнида штаб фаолиятида ҳали жуда кўп камчиликлар мавжудлиги маълум бўлди, хизмат вазифаларига масъулият билан ёндошмаётган айрим мутасадди раҳбарлар жиддий огоҳлантирилди.
Вилоят раҳбари штабда тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, оила аъзолари сони кўп бўлган катта хонадонлар рўйхатини шакллантириш ва уларга суюлтирилган газ етказиб беришда оралиқ интервални қисқартириш бўйича топшириқлар берди.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати