DataLife Engine / Асосий мақсадимиз – халқни рози қилиш

Асосий мақсадимиз – халқни рози қилиш

   Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан маҳаллалар фаолиятини ташкил этишнинг мутлақо янги тизими шаклланди. Ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқталари” аниқланиб, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда. “Обод маҳалла” дастури асосида кенг кўламда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.




   Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Рахимов Янгибозор туманидаги  “Ширинлар” маҳалласида ана шу йўналишларда олиб борилаётган ишлар билан танишди, маҳалла муаммолари юзасидан маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси билан мулоқотда бўлди.





   Вилоят раҳбари ташриф давомида маҳаллада оғир ижтимоий аҳволда кун кечираётган бир нечта оилалар ҳолидан хабар олди. Жумладан, Норбоевлар хонадонини ўрганиш жараёнида  оила бекаси ишсиз экани, молиявий имконияти чегаралангани сабаб қишга кўмир ғамлай олмагани маълум бўлди. Шу куннинг ўзида бу оилага янги тикув машинаси, телевизор ва бир тонна кўмир ёқилғиси етказиб берилди. 





   Шу маҳаллада яшовчи Дилрабо Ражабова 4 нафар фарзанднинг онаси. Турмуш ўртоғи хорижда ишлаб юрган пайтида бахтсиз  ҳодиса туфайли ногирон бўлиб қайтган. Айни кунда ушбу оила чала қуриб битказилган уйнинг бир хонасида истиқомат қилиб келмоқда. Вилоят раҳбари  оиланинг шароитини ўргангач, ушбу хонадон уй-жойлари давлат томонидан таъмирлаб бериладиган ижтимоий оғир аҳволдаги хонадонлар рўйхатига киритилди. Оила бошлиғининг жарроҳлик амалиёти масаласи ҳам ҳал бўлди, шунингдек қишдан чиқиб олишлари учун бир тонна кўмир етказиб берилди.



   Вилоят раҳбари шунингдек  Илҳом Қурбонов, Рашид  Ўрозбоев хонадонларида бўлди, маҳалла аҳли билан мулоқотда  кўтарилган ички йўлларни таъмирлаш масаласи тез кунда ўз ечимини топишини ўз назоратига олди.

   Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
4-01-2023, 23:55
Вернуться назад