DataLife Engine / Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрмановнинг “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” муносабати билан байрам табриги

Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрмановнинг “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” муносабати билан байрам табриги

        Қадрли  темирйўлчилар!

Аввало, августь ойининг биринчи якшанбасида ўзларининг анъанавий  касб байрамини нишонлаётган соҳа фахрийларини, тизимда фидокорона меҳнат қилиб келаётган ишчи ва хизматчилар, қурувчи ва муҳандислар, машинист ва вагон кузатувчиларини “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” билан самимий табриклаб, сизларга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман. 

Сизлар каби ўз касбига садоқатли ва фидойи темирйўлчиларнинг  сидқидилдан қилаётган меҳнати, билим ва тажрибаси туфайли темир йўл тармоғи   тараққиётнинг муҳим босқичларини муваффақиятли босиб ўтди. Пухта ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида тармоқни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан жуда қисқа муддатда Урганчдан Хивагача 29,6 километр узунликдаги темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этилиб, йўловчи поездлари қатнови йўлга қўйилди.

Айни кунда  “Бухоро –  Мискин –  Урганч – Хива” темир йўлини электрлаштириш  лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу лойиҳа жуда катта сайёҳлик салоҳиятига эга Хоразм вилоятига замонавий тезюрар поездлар қатновини йўлга қўйиш имкониятини яратади.

Вилоятимизнинг транспорт-коммуникация тизимини ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим лойиҳалардан яна бири – узунлиги 84,2 километр бўлган “Шовот – Гурлан – Манғит – Қўйбоқли”  темир йўли қурилишидир. Ушбу лойиҳа Амударё устида узунлиги 413 метр бўлган автомобиль ва темир йўл кўприги қурилишини ҳам ўз ичига олади. Янги кўприкнинг қурилиши Россия ҳамда Қозоғистондан юкларни ташиш масофасини 240 километрга, ташиш вақтини эса 6 соатга қисқартиради. Натижада юк ташиш ҳажми икки баравар кўпаяди ва йилига 25 миллион тоннани ташкил этади. Гурлан туманининг мамлакатимизнинг бошқа минтақалари билан темир йўл орқали боғланиши туфайли ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида янги саҳифа очилади. 

Бундан ташқари вилоятимизда “Ўзбекистон темир йўллари”   АЖ томонидан амалга оширилган замонавий экскаваторлар ишлаб чиқариш, Урганч шаҳрида ер  ости автомобиль йўлини барпо этиш, Шовот туманидаги чорвачилик мажмуасини кенгайтириш каби  йирик лойиҳалар бугунги кунда иқтисодиётимиз ривожига салмоқли улуш қўшмоқда.

Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз натижасида узоғимизни яқин қиладиган янги темир йўллар,  замонавий кўприклар қурилиб, юк ва йўловчи ташиш ҳажми йилдан йилга ортиб бормоқда. Инсон қадри улуғланаётган жонажон Ватанимиздаги  янгиланишлар, асрларга татигулик ўзгаришларда  темир йўл соҳаси ходимларининг муносиб хизматларини доим эътироф этамиз ва юксак қадрлаймиз.

Ҳурматли темир йўл транспорти ходимлари!

Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга бахт-саодат,  олижаноб фаолиятингизда ҳамда шахсий ҳаётингизда омад ва улкан зафарлар тилайман.

       Ҳурмат билан, 

       Хоразм вилояти ҳокими                                           Ф.Эрманов






7-08-2022, 10:57
Вернуться назад