DataLife Engine / Чўмилиш ҳавзаси қачон ташкил қилинади?

Чўмилиш ҳавзаси қачон ташкил қилинади?

Ёзнинг  жазирама иссиғида  кўпчилик табиий сув ҳавзаларида чўмилишга ошиқади. Бироқ оқар сувларда чўмилишда эҳтиётсизлик оқибатида ҳар йили дунёда 300 минг нафардан кўпроқ  инсонлар бевақт ҳаётдан кўз юмади. Афсуски, уларнинг кўпчилиги ёш болалардир.

Статистик маълумотларга қараганда кейинги беш йилда вилоятимизда сувда чўкиб вафот этган ёшларнинг 95 фоизи ота-она назоратисиз қолдирилган ва таъқиқланган жойларда чўмилиш оқибатида фожиа юз берган. Катта ёшдагиларнинг сувда чўкишига уларнинг спиртли ичимликларни истеъмол қилиб маст ҳолатда  ҳавзаларга боришлари сабаб бўлмоқда.

Сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг кўпчилиги Урганч шаҳрида Шовот канали ва Ёшлик кўлида содир бўлиб, бунинг асосий сабаби сув оқимининг тезлиги, кескин ва тик чуқурликлар мавжудлиги, энг асосийси қирғоқда фавқулодда ҳолатларда ёрдам беришга шай махсус қутқарувчилар гуруҳининг йўқлигидир. 

Илгари Урганч шаҳрида Шовот канали бўйида белгиланган тартибда жиҳозланган махсус чўмилиш ҳавзаси бўлиб,  мавсум давомида қутқарувчилар гуруҳи фаолият кўрсатарди. Ҳозир шаҳарда бир нечта ёпиқ бассейнлар мавжуд, аммо очиқ сув ҳавзасида махсус чўмилиш ҳудуди  ташкил этилмаган. Ўйлаймизки, Урганч шаҳар ҳокимлиги шаҳарликларнинг ёз мавсумида кўнгилли дам олиб ҳордиқ чиқаришлари учун бу масалани ҳал этиш чораларини ўйлаб кўради.      

Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

29-07-2023, 17:25
Вернуться назад